Йўриқнома бўлса… Муҳим

Байрам куни эди. Умр йўлдошим совға-саломлар билан уйга қайтди. Болаларнинг қийчуви ичида совғаларни очдик. Улар орасида кўплаб майда бўлаклардан йиғилиши лозим бўлган самолёт ҳам бор эди. Оила даврасида самолётни йиғишга киришдик. Бироқ ҳар қанча уринмайлик бунга муваффақ бўлолмадик. Бўлаклар шунчалар бир-бирига ўхшаш, кўп ва майда эдики, уч кун бош қотиришга тўғри келди. Бироқ самарасиз. Кейин болаларнинг ўйинчоқлари орасидан самолётни қандай йиғиш кераклиги ҳақидаги йўриқномани топиб олдим ва осонгина уни бир бутун ҳолга келтирдик…

Инсон ҳаётининг ҳам аслида ана шундай “йўриқнома”си бор. Уни яратган, ҳар бир аъзосини, кўнглини, танасини яхши биладиган Зот “ёзган” кўрсатма. Яъни, Қуръони карим, ҳадиси шариф ва фиқҳий аҳкомлар. Уларга амал қилинса, ҳаёт йўли осонлик ва енгилликда ўтади. Аксинча бўлса, азиз онлар, ҳатто бутун умр бесамар кетади. “Самолёт” “йиғилмай” қолаверади.

Бу хулоса мени йўриқномаларга жиддий эътибор қаратишга ўргатди. “Бўлаклар” бирма-бир ўрнига кела бошлади:

– рукнларини бироз кўпайтирганим учун таҳорат нафсимга оғир келаётган экан. Аслида қандай бўлса, шундай қила бошладим. Нафсим ортиқ малолланмай қўйди;

– Аллоҳ таоло аёллар учун алоҳида белгилаб қўйган имтиёзлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга ҳаракат қиляпман. Бу яратилишимдаги ўзига хосликларга путур етишидан сақламоқда;

– фарзандларимга Қуръон ва ҳадиси шарифлардаги тавсияларга кўра муомала қилишга интиляпман. Улар болаларимни ёшига муносиб фикрлар билан озиқлантиришимда асосий қўлланма вазифасини ўтамоқда;

– қодир бўлганимча истиғфор айтяпман, силаи раҳм кўрсатяпман, таваккул қиляпман, меҳнатдан қочмаяпман. Ризқ калитлари қўлимда. Ризқ учун қайғуриш, унинг кетидан қувиш каби озорлар ортиқ жонимни қийнамаяпти.

Бу каби енгилликларни санаб адоғига етиб бўлмайди.

Бир неча йил олдин ёши улуғлардан бири: “Дин бизга қандай буюрган бўлса, ўшандай яшаш керак. Шунда қийинчиликка дуч келмаймиз”, деган эди. Бу гапнинг маъносини энди тушуна бошладим.

Сўз сўнгида яна бир фикр: уммати Муҳаммадни биз тилга олган ўша самолёт деб қарасак, ҳар бир мусулмон алоҳида бўлак. Уларнинг ҳар бири вазифасини ўз ўрнида адо этсагина, бутун ҳолга келиб, парвозга осонлик билан кўтарилади, иншааллоҳ!

Нигора Абдумухтор қизи

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: