Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Муҳим

Тасаввуфнинг йирик намояндаси, машҳур авлиё, хожагон номи билан шуҳрат қозонган Ўрта Осиё тариқатининг асосчиси ва раҳнамоси Хожа Абдулхолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний 1103 йилда Бухоро яқинидаги Ғиждувон қишлоғида маърифатли оилада туғилди. Ўз қишлоғида дастлабки маълумотни олгач, 22 ёшида илмини такомилга етказиш мақсадида Бухорога келди. Бу ерда ўша даврнинг йирик олимлари ва тасаввуф намояндаларидан етарли таълим олди. Айниқса, машҳур тасаввуф раҳнамоси Юсуф Ҳамадоний (ваф. 1140 й.) билан учрашуви муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу зот уни сўфийлик тариқатига жалб қилди.

Халқ оммаси билан яқинлашиш хожагон тариқатининг асоси эди. Тасаввуфнинг бошқа тариқатларидан фарқли ўлароқ, Ғиждувоний сўфийлар учун махсус хонақоҳлар қуриш ва уларда яшашни маъқулламасди.

Ғиждувоний ўз таълимотининг саккизта асосий қонун – йўл-йўриқларини ишлаб чиқди. Уни тушида кўриб, тасаввуфдан ғойибона таълим олган ва Ғиждувонийни ўзига устоз билган Баҳоуддин Нақшбанд (1318–1389) бу йўл-йўриқларни тўлалигича қабул қилди. Уларга яна учта қўшди ҳамда жаҳон миқёсида шуҳрат қозонган Нақшбандия тариқатига асос солди. Тасаввуфда муҳим аҳамият касб этган ва сўфийлар учун махсус ишлаб чиқилган бу 11 қонун-қоида, йўл-йўриқлар қуйидагича:

1. Ҳуш дар дам. Худо ёди учун бажарилган зикр асносида ҳар бир нафас ҳушёрлик ва огоҳлик ила чиқмоғи лозим, токи бунда ғафлат юз бермасин.

2. Назар бар қадам. Солик (тариқат аъзоси) қаерда бўлмасин, ҳар бир қадамига диққат билан разм солиб, огоҳ бўлиб юриши керак, токи назари пароканда бўлмасин.

3. Сафар дар ватан. Яъни, солик башарий табиатда сафар қилсин, яъни башарий сифатлардан мулкий сифатларга ва замима (қўшимча) сифатлардан ҳамида (маъқул) сифатларга ўтсин.

4. Хилват дар анжуман. Зоҳирда халқ билан, ботинда Аллоҳ таолонинг ёди билан бўлиш, демак.

5. Ёд кард. Бу қоиданинг маъноси тил ё қалб билан зикр қилишдир.

6. Бозгашт. Зокир (зикр қилувчи) ҳар вақт калимаи тоййибани айтиб бўлгач, орқасидан ўша қалб, тил билан “Худовандо, менинг мақсудим Сенсан, Сенинг ризойингни тилайман”, дейди. Тўғрироғи, бу жумлаларни дилидан ўтказади.

7. Нигоҳдош. Зокир тоййиба калимасини дилида айтаётганда хотира бошқа томонга чалғиб кетишидан эҳтиёт бўлиши лозим, яъни зокир бир дамда ўша муборак калимани бир неча бор так-рорлаб, хотирани жам қилиб олмоғи даркор.

8. Ёддошт. Ҳақ таолони ёдлашда солик ҳамиша огоҳ бўлиб туриши, ўша муборак аъмолни доимо ёдда тутиши зарур.

9. Вуқуфи замоний (вақтинча туриш). Бунда сўфий ўз вақтини қандай ўтказаётганини доимий кузатиб туради. Агар тақво билан ўтказаётган бўлса, Аллоҳга шукр айтсин, агар тақво билан ўтказмаётган бўлса, Аллоҳдан кечирим сўрасин.

10. Вуқуфи ададий (ҳисоблаш учун тўхташ). Муршид белгилаб берган зикрнинг саноғига катта аҳамият бериш. Зикрдан кўзда тутилган маъно ҳосил бўлгач, зикрнинг саноғи бўлмаса ҳам, барибир унга риоя қилиш ҳаётнинг тартиб-интизомли бўлишида катта аҳамиятга эга.

11. Вуқуфи қалбий. Қалбнинг Аллоҳдан хабардор бўлишини таъминлаш. Бу мартабада солик кўнгли Аллоҳдан бошқа ҳеч нарсани ўйламайди.

Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 йилда она шаҳри Ғиждувонда вафот этди ва шу ерга дафн этилди.

Буюк мутасаввиф аллома улкан илмий-маънавий мерос қолдирди. Бизгача “Рисолаи тариқат”, “Рисолаи соҳибия”, “Васиятнома”, “Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” деган асарлари етиб келган. Бу қўлёзмалар дунёнинг бир қанча кутубхоналарида сақланмоқда.

Истиқлолдан кейин Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний абадий қўним топган маскан қайтадан тикланиб, муҳташам зиёратгоҳга айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига асосан, 2018 йил сентябрь-октябрь ойларида Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: