Вужудимиз ҳам тарбияга муҳтож

Инсон учун саломатлик жуда муҳим. Агар соғлигингизни йўқотсангиз, ишлаш у ёқда турсин, ҳатто дам олиш ҳам кўнглингизга сиғмайди.

Фан-техника тараққиёти ҳаёт тарзимизга жуда катта қулайликлар олиб келди, яшашимизни осонлаштирди. Лекин мана шу енгилликлар бизни камҳаракат, эринчоқ қилиб қўйди. Бугун ҳатто очиқ эшикни ҳам ўзимиз беркитгимиз келмайди, пульт бўлсаю ўтирган жойимизда ёпиб қўя қолсак. Бу кайфият сабаб бутун ҳаётимиз жараёнида катта йўқотишларга учраймиз. Уларнинг энг катталаридан бири саломатликдир.

Сўнгги йилларда бутун дунёда умуртқа поғонаси ва мушаклар билан боғлиқ касалликлар кўпайиб, “ёшариб” боряпти. Бу айниқса шаҳар аҳолисида кўп кузатилади. Аксарият вақтини компьютер столида ёки телевизор қаршисида ўтказадиган ёш авлод табиатдан бутунлай узилган ҳолатда ҳаёт кечиряпти. Натижада ёшлигидаёқ турли касалликларга чалиняпти. Албатта, ёшлар орасида спорт билан мунтазам шуғулланадиган, соғлигига жиддий эътибор берадиганлар анчагина. Лекин ота-оналар бу масалага доим эътибор билан қараши, болаларнинг жисмоний ривожланиши учун қайғуриши керак.

Мўмин киши омонатга хиёнат қилмайди. Аслида, танамиз ҳам биз учун омонатдир. Унга эътиборсиз муносабатда бўлиш ярамайди. Вужудимиз ҳам руҳиятимиз, тафаккуримиз каби тарбияга муҳтож. Ҳар қандай тарбия жараёни каби бадантарбия, жисмоний тарбия жараёни ҳам қийинчилик билан кечади. Бироқ қонимизни уюштириб, онгу шууримизни хиралаштираётган дангасаликни даволашимиз шарт. Майли, жонимиз қийналсин, оҳ-воҳ тортсин. Агар қушдай енгил, боладай тийрак бўлиб юришнинг мазасини тотсангиз, бадантарбиянинг аҳамиятини чуқурроқ ҳис қиласиз. Эскилар бекорга “Соғ танда соғлом ақл” демаган. Тани соғ, фикри уйғоқ одам кўп нарсага эришади.

,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: