Ватандан жудо этма

Даҳлиз, катта уй, кичик айвон, катта айвон… болалигимизда шунақа номлари бор эди яшайдиган жойларимизнинг. Ва яна битта уй бор эди ҳовлимизнинг кириш қисмида, бир четда мунғайибгина турган… Номи – «энамнинг уйлари». Гарчи кўпинча омбор вазифасини ўтаса ҳам, ҳаммамиз шунақа атардик уни. Бошқа уйлардан фарқли – томи лойсувоқ, шифти паст, иккита деразасининг биттаси ҳовлига, кейинги кичкинагинаси қўшниникига қараган. Бўёқлари кўчган эшигининг эса икки томонидаям занжири бор. Лойсувоқ том ҳар баҳорда ям-яшил бўлар, орасида лолақизғалдоқлар, сариқ гуллар очиларди. Биз болаларга энг яхши пакка эди «энамнинг уйлари»: бирор маслаҳат бўладими ёки «халфана», ҳаммаси шу ерда ҳал қилинарди.

Нега энди «энамнинг уйлари»? Сабаби, бу уйда бобомнинг оналари яшаган. Ҳамма набиралар, келинларам у кишини «эна» дейишган. Нафақат биз, балки дадам, амакиларим, аммаларим учун ҳам болаликдаги энг қадрдон жой бўлган; дадамдан эшитишимча, айниқса, қиш кунлари мазза бўлган «энамнинг уйлари». Ҳамма болалар иссиқ сандал атрофида чуғурлашиб ётишаркан. Манзаралар худди дадам айтгандай пайдо бўлади кўзим олдида…

Бугун ўша уй йўқ, ўрнида бошқа иморатлар қад кўтарган. Аммо мен ҳануз тушларимда «энамнинг уйлари»ни кўраман ва кўксимда сарҳадсиз соғинч, кўзимда ёш билан уйғониб кетаман. Қанот чиқариб учгим келади, аммо… энди у уй йўқ-ку, болалик ҳам йўқ, энамнинг биттагина ёдгорлари, сафарга кетиб, онасининг вафотига етиб келолмаган, бир умр шу армон билан яшаган бобом ўтганларига ҳам ўн беш йилдан ошяпти…

Негадир болалик ҳақида гап кетса, кўпроқ ўша уйни эслайман. Сўнгги сафар олдидан ўғлининг дийдорига тўёлмаган, йўлга қараб интиқ-илҳақ кетган Ҳуринисо энанинг уйи бобом учун, дадам, амакиларим учун, энди биз учун ҳам бутун бошли соғинч, армоннинг тимсоли…

Негадир Ватан деса ҳам, ҳовлимизнинг олдинги ҳолати, «энамнинг уйлари» эсимга тушади. Зотан, мен илк Ватан деб таниган даргоҳ ўша ер. Болалигим, энг ширин хотираларимнинг Ватани. Шу юртнинг бир бурчида соғинчларим, армонларимни бағрида сақлаётган бир ҳовли бор. Она-юрт шунинг учунам севимли мен учун…

Бугун «энамнинг уйлари»ни ҳамма нарсаси – томи-ю шифти, эшигу дераза ромлари, девори-ю ойналаригача кўз олдимда тиклашга уринаман. Чунки энди у йўқ. Энам, бобом каби, болалигим сингари ҳеч қайтмас хотиралар бағрига жо бўлган. Ўкиниб кетаман энди у жойларни кўролмаслигимга. Хаёлимда таниш жумлалар айланади: «Инсон ҳар йўқотганига аза очаверса, бир умр азадор ўтиб кетарди-ку. Туғилгандан бери жудо бўлган нарсаларимизни санаб, адоғига етиб бўларканми?! Бу жудолик бешикдан «чин уй»гача-ю, инсон тушунмайди-да…» (Мурод Мансур, «Жудолик диёри»).

Бир ҳисдан ҳушёр тортаман, умр – бошдан-оёқ жудолиғ. Аммо ўша йўқотганларимиз ҳам шу Ватан бағрида. Шуни ўйлаб, «ўлсам, ўз юртим тупроғига қўйинглар» каби васиятларнинг моҳиятини англагандек бўламан. Кўзимда ёш, тилу дилимдан бир ўй кечади: «Топганларим – шу Ватанда, йўқотганларим ҳам… Ватандан жудо этма, Аллоҳ, она-юртдан айирма…»

Зумрад Фозилжон қизи

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: