Тарбия учун ўн икки дақиқа Муҳим

Фарзанд – инсоннинг умр дарахти меваси. Бу меванинг ширинлиги эса уларнинг меҳр сувига қай даражада қонганлигига боғлиқ. Афсуски, бу ҳақиқатни аксарият ота-оналар ёддан чиқаришгандай… Тобора тезкорлашиб бораётган дунёда турли юмушлар билан овора бўлиб, ҳаммадан ҳам фарзандларига керак эканликларини унутишгандай…

Мени анчадан буён ўйлантираётган шу каби мулоҳазалар бир суҳбатдан сўнг янада қатъийлашди – дугонам оиласи ҳақида гапира туриб, тўрт яшар қизалоғининг уларга билдирган норозилигидан ҳайратланди: “Қизим кун бўйи “мен билан ўйнанг”, “бирга мультфильм кўрайлик”, деб хархаша қилди. Табиийки, мен уй ишларидан ортиб у билан ўйнай олмадим. Кеч тушгач, дадаси келди. Дадасига ҳам хархашаларини бошлади. Шунда турмуш ўртоғим чарчаганлигини айтиб, дам олгани кириб кетди. Юзлари жаҳлдан қизарган қизим эса овозининг борича: “Мени яхши кўрмасаларинг, нега бола қилиб юрибсизлар. Бериб юборинглар бошқаларга, улар яхши кўриб, бола қилсин!” – деди-да, хонасига кириб кетди…”

Фарзандлар ота-оналаридан норози бўлишмоқда, балки бунга ҳақлидирлар ҳам. Чунки фақат дугонамгина эмас, бошқа кўпчилик ҳам фарзандларига вақт ажрата олмаяпти. Узундан-узоқ сериалларни кўришга, телефонда соатлаб гаплашишга, базму жамшидларда кўнгил очишга вақт топган ота-оналар фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш, суҳбатлашиш, ўйинларига ҳамроҳ бўлишга эринадилар.

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, юртимизда ота-оналар фарзандлари учун бир кундан 12 дақиқанигина (!) ажратар эканлар. Бу муддат ҳам овқат пайтидаги “таомни ундай егин”, “иссиқ кийин”, “мактабда тўполон қилма” каби гап-сўзларга сарфланади…

Фарзанд тарбияси учун 12 дақиқа кифоя қиладими? Болалар учун шугина муддатни ажратиш ноинсофлик эмасми? Бу ҳолда уларга одамийлик шартларини, одоб-ахлоқ намуналарини ким ўргатади?! Ким уларга меҳрнинг таъмини, самимийликнинг суратини, оилавий бахтнинг тафтини кўрсатади?!

Замондошим, бир ҳисоб-китоб қилиб кўринг-а, сиз фарзандингизга бир кунда қанча вақт ажратасиз? Ўз жавобингиздан кўнглингиз тўлармикан?!

Нигора Мирзаева

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: