Тақво ва одоб сафари

Макка ва Мадина. Бирида Исломнинг қибласи бўлмиш Каъба, иккинчисида Аллоҳнинг севимли элчиси, раҳмат пайғамбари Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг қабр ва масжидлари жойлашган муборак масканлар… Ҳар йили ҳаж мавсумида дунёнинг тўрт томонидан бу гўшалар томон сел мисоли оқади инсонлар. Худди денгизга шошилган сувлар каби… Интизор кўзлар, соғинчга тўлган диллар, ихлосга йўғрилган ниятлар ила…

Зотан, бу шундай ибодатки, уни одоб ва ихлос жонлантиради. Унда нафсни енгиб, қатъий сабр ва иродали бўлмоқ шарти бор. Бинобарин, жисмоний қийинчиликларни енгиш нафсни енгишдан минг бора осон. Шу маънода, ҳаж – нафс синови. Бу синовдан ихлос, одоб, сабр воситасида ўтилади. Эвази эса мабрур ҳаждирки, унинг мукофоти Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганларидек, фақат жаннатдир (Бухорий ривояти).

Ҳаж шундай шарафли йўловчиликки, ҳожилардан бошдан-оёқ гўзал одоб, ахлоқ ва ҳурматни талаб этади. Ҳарамнинг шарафи, ҳожининг иззати ҳам одоб ила ортади. Зотан, Ҳарамга эҳтиром – қалбнинг тақвосидан. Бундаги ҳар қарич ер, ҳар бир илоҳий аломатларга мақомига муносиб кўрсатилган ҳурмат ўз ўрнида бу ердаги бошқа зиёратчиларга – Аллоҳ меҳмонларига кўрсатилган ҳурматдир…

Ҳарам шундай иқлимки, бунда қилинган кичик одобсизлик ҳам илоҳий раҳматга эришиш, гуноҳлар юкидан қутулиш, ибодат лаззатини ҳис этишдан тўсади. Ҳожилар эгнидаги эҳром эса – тақво ва ихлос, гўзал хулқ ва одоб либоси. Юриш-туришда одоб, ейиш-ичишда одоб, суҳбатлашганда одоб, Каъбани тавоф этганда, вақфада, шайтонга тош отилаётганда… ҳамма-ҳаммасида одоб… Яъни, эҳромга ўралмоқ айни замонда одоб ила ўралмоқдир…

Эҳромни шундай ният ва қатъият билан киймоқ лозимки, у соҳибига қалқон бўлсин. Нафснинг ўткинчи орзу-ҳавасларига, шайтоннинг макру ҳийлаларига… Худди рўза сингари…

Ҳаж шундайин буюк мактабки, аксарият инсонларга умрда бир бора насиб этади сабоқлари. Унинг ўқувчилари Аллоҳнинг меҳмонлари дея аталади. Бу мактаб сабоқлари ва уларнинг икки дунёга татигулик хайрларидан баҳраманд бўлиш учун ҳар йили миллионлаб инсонлар ошиқишади бу гўша томон. Аллоҳ амрини бош устига қўйиб, Иброҳим (а.с.) чақириқларига «лаббай» дея… Аллоҳ таолонинг ризолигига эришмоқ, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг, улуғ пайғамбарларнинг, саҳобайи киромлар, не-не улуғ зотларнинг қадамлари теккан муборак тупроқларни кўзга суртиш, покланиш, ўзликка қайтиш нияти ила… Дийдорга муштоқ дийдалар, ихлосли дил, тавозуъли кўнгиллар ила…

 

Муҳаммад Сиддиқ

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: