Саодат қўрғони Муҳим

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд ва санолар бўлсин. Бутун оламни яратиб, уларнинг давомийлиги қонунларини ўрнатган Удир.

У қонунлардан башарият саодатига тааллуқли бўлганларини ўз ҳаётларига татбиқ этишда барчага ўрнак кўрсатган ва уларни инсониятга ўргатган саййидимиз Муҳаммад (с.а.в.)га ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

Инсон оиласиз саодатга етиши қийин. Оила жамиятни ташкил қилувчи “ғишт”лардан бир “ғишт”дир. Ғишт қанчалик пишиқ бўлса, бино шунчалик мустаҳкам бўлганидек, жамиятнинг мустаҳкамлиги, куч-қудрати оилалар мустаҳкамлигига боғлиқ. Шу боис, оилани мустаҳкамлаш масаласи жамият мустаҳкамлиги ҳақида қайғурувчи кишилар учун энг муҳим масалалардан ҳисобланади.

Оила, унинг бутлигини ва фаровонлигини таъминловчи метин қоидалар асосига қурилмаса, асло мустаҳкам бўлмайди.

Оламда биз билган ва билмаган нарсалар жуфт яратилган (Ёсин, 36). Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло жуфтликни махлуқотларнинг кўпайиши ва ер юзида ҳаёт давомийлигининг сабаби қилган.

Аллоҳ таоло махлуқотларидан фақат инсоннинг жуфтлик ҳаётини унинг шарафига мос ва қадрини асровчи низом (никоҳ) асосида бўлишини ирода этган. Жуфтлик ҳаётларини шу низом асосида қуриб, унинг талабларига риоя қилиб яшаган эр ва аёлнинг бахтиёр, саодатли бўлиши муқаррардир.

Жуфтликни истаган эр ва аёл, у низомга асосан, аҳдини гувоҳлар ҳузурида эълон қилиши лозим. Бу билан аёл шаъни ва иффатини, эр ғурурини ҳимоя қиладиган, улар зурриёти вояга етадиган “оила” деб номланган дахлсиз қўрғон бино бўлади.

Оила қўрғонини бино қилиш осон кўринса-да, уни асраб қолиш жуфтлик ҳаётига асос бўлган илоҳий низомнинг қолган бандларига тўла риоя қилишга, эр ва хотиннинг вазифа ва масъулиятларини адо этишларига, уларнинг хулқларига, хоссатан, хотиннинг хулқига боғлиқ.

Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилганлар: “Мўминлар ичида имони комили хулқи яхшиларидир. Сизларнинг ичларингизда яхшиларингиз аёлларига яхшиларингиздир” (Термизий ривояти).

“Ё Расулуллоҳ, қандай аёл аёлларнинг энг яхшисидир?” деб сўрашди. “Эрининг кўзини қувонтирадиган, амрига итоат этадиган, ўзини тутиши ва молини тасарруф этишида эри ёқтирмайдиган ҳолатга йўл қўймайдиган аёл”, дедилар (Термизий ривояти).

Динимиз мақсадларидан бири эр ва хотиннинг жуфтлик ҳаётлари давомийлигини асрашдир. Эр-хотинлик битими энг мустаҳкам битим ҳисобланади. Шунинг учун, динимизда эр ва аёл ўртасидаги никоҳ ақди, уни бузадиган ҳоллар содир бўлмаса, уларнинг ҳаётлари охиригача давом этади. Никоҳ эр ва хотинга уйларини саодат қўрғонига айлантириш учун, фарзандларни солиҳ, комил хулқли этиб тарбиялаш учун боғланади.

Пайғамбаримиз (а.с.) бундай деганлар: “Уйланинглар ва ажрашманглар! Зеро, ажралиш (талоқ)дан Раҳмоннинг арши ларзага келади”.

Муҳаммад Шариф Жуман

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: