Рўзадорликдаги ҳикматлар Муҳим

Аллоҳ таоло азиз, мукаррам ва ақл соҳиби қилиб яратган инсон юксак одоб-ахлоқи билан ер юзида ўзига юклатилган масъул вазифани амалга оширишда Рамазон ойи рўзасидан ирода этилган ҳикматлар қуйидагича:

Рўзадорликда Аллоҳ таоло розилигини топиш нафс истагидан устун туради. Банда ейиш-ичиш, жинсий истак-ларидан ўзини тийиш билан инсоний борлиғини Аллоҳга бўйсундиради. Аллоҳга бошқа амал билан бу даражада яқин бўлолмайди. Шу сабабдан ҳам рўзадорга бериладиган савоб жуда улуғ. Буни қуйидаги ҳадисдан янада равшан билиб оламиз: «Одам боласининг ҳар бир амали учун ўндан то етти юз баробаргача ажр зиёда қилинади. Аллоҳ таоло: “Тутадиган рўзалари эса мен учундир, бинобарин, унинг мукофотини ўзим бераман. Рўзадор мени деб еб-ичмайди ва шаҳватини тарк этади”, дейди» (Муттафақун алайҳ).

Қуръони карим нозил қилина бошланган бу муборак ойда Муҳаммад (а.с.)га нубувват келиши чуқур рамзий маъно касб этади. Инсон рўзадор бўлган, Қуръони каримни тиловат қилган пайтида қалби янада покланади. Бандалигини ҳар қачонгидан яхшироқ англайди, дуо-илтижолари ижобат бўлади. Зеро: “Уч тоифа инсоннинг – рўзадорнинг ёки ифтор қилаётган рўзадорнинг, одил подшоҳнинг ва мазлумнинг дуоси мустажобдир” (Термизий ривояти).

Рўза инсонни қийинчиликларга бардошли бўлишга одатлантиради. Кишида ирода қуввати, собитлик ва қатъийлик сифатларини пайдо қилади. Одамнинг руҳан, ақлан ва жисмонан камолга етишида ёрдамчи бўлади. Шунингдек, рўзадорни тавозега, бошқаларга раҳмдил ва меҳрибон бўлишга ўргатади. Инсон рўза орқали ўз қадрини билиш билан бирга, заиф эканини ҳам ҳис қилади. Ким ўз қадрини яхши билса, унга яхшиликлар эшиги очилади ва тўғри йўлда бўлади.

Рўза тутиш билан инсон тартиб-интизомга, диққат-эътиборли бўлишга ўрганади. Бунга у муайян вақтда оғизни беркитиш ва вақти кирганда ифтор қилишга риоя этиш билан эришади.

Рўзадорнинг ўзи, оиласи ва уммат учун сероблик, фаровонлик ҳосил бўлади. Очлик ва чанқоқликни ўзидан ўтказган рўзадор дунёдаги ташналик ва қаҳатчиликдан азоб чекаётганлар ҳолини тушунади. Атрофидаги камбағал ва бечораларга ёрдам беришга ҳаракат қилади.

Рўза инсонни холислик ва самимийликка, махфий ҳамда ошкора тақвога ўргатади. Агар инсон Рамазондан бошқа вақтларда ҳам шуларга риоя қилса, ўзига юклатилган вазифани мукаммал адо этади. Бахтли ва розиликда яшайди. Жамият ҳам ундан катта фойда олади.

Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойида тутаётган рўзала­римизни, ибодатларимизни қабул қилиб, барчаларимизни улуғ ажру савобларга эриштирсин!

,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: