«Римни алишмасман бедапоянгга…»

 

(Мисрда ёзилган кундаликдан)

 

Ватан. То унинг бағридан чиқиб, ўзга юртда мусофирлик таъмини тотиб кўрмагунимча бу сўзни фақат тилим билан айтар, кўп такрорлар ва эшитардим. Аммо унинг қадрини, улуғворлигини ҳис қилмасдим. Энди эса бу сўзни тилга олсам, дилим ҳам шериклик қиладиган, гоҳо дил тилдан қизғонар бўлди.

Унинг бағрида чексиз соғинч, қадрдонлар, жонкуярларинг, ҳеч бир миллатга ўхшамас софдил юртдошларинг, сервиқор тоғлар бағридаги севимли қишлоғинг ва унда қолган беғубор болалик хотираларинг, сенсизликда сени интизор кутувчиларинг борлигини билмас, билсам-да, англамас эдим.

Баъзан юртдошлар билан суҳбатларда Ватан соғинчи ҳақида сўз борса, «Мен Ўзбекистонни аэропортимиздаёқ соғинишни бошлаганман», дея ҳазиллашган бўламан. Аслида, бу ҳазил эмас, ростдан ҳам ўшанда хавотир, соғинч ва айни пайтда мен учун тушунарсиз туйғулар таъсирида кўнглимда қай бир торлар узилгандай бўлганди. Ҳозир ҳам катта-ю кичик ўхшашликлар, тафовутлар она-юртни ёдимга солаверади. Ногаҳон қадамларим бетон, асфальт йўллардан йўл четидаги майсазор томон бурилади. Қишлоғимнинг қир-адирлари, барно баҳорини орзиқиб эслайман. Еяётган таоминг таъмидаги кичкинагина яқинлик, бозорда диёрим неъматларига нимаси биландир ўхшаб кетадиган мевалар, Тошкент кўчаларини ёдга соладиган жойлар юрагимни ҳаприқтиради.

Кўришни қанча орзу қилганим – эҳромларга чиққим йўқ. Уйимиз ортидаги тепаликни, унинг тепасидаги харсангга ўтириб олиб хаёлга ботган дамларни соғиндим. Жамики жигарларим – тўю-азасида бир-бирига меҳрибон, баҳамжиҳат жамларни соғиндим. Болаликдан қадрдон заминни, осмонни соғиндим. Бағрида яқинларим, яхши-ю ёмон кунларим, қадрдон хотираларим, бутун борлиғим қолган Ўзбекистонни соғиндим!

Абдуллоҳ

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: