Қуръон ва биз

"Эй инсон! Сен замоннинг Юсуфисан, бу олам эса қудуқ. Сени бу қудуқдан Аллоҳ таолонинг қувватли арқони – Қуръони карим қутқаради.

Эй вақтнинг Юсуфи бўлмиш мусулмон! Қўлларингни узат ва бу арқонни маҳкам тут, шундагина қудуқдан чиқа оласан". Мавлоно Жалолиддин Румий бу сўзларида инсонларни Қуръони қаримни севиш, у билан доимий алоқа боғлашга чақиради.

Сўзимиз аввалида инсоннинг Қуръон билан дўстлиги, яқинлигини кундалик ҳаётимиздаги бошқа кишилар билан алоқаси мисолида кўриб чиқамиз:

Биринчи муносабат инсоннинг у ер-бу ерда танишиб қолган кишилар билан алоқасига ўхшайди. Бозорда, тўй ёки бирор тадбирда учрашиб қолганларида табассум қилиб, бир-бирларига салом беришади. Аммо ўрталарида ҳеч қандай самимият йўқ. Чин дил истаги билан эмас, балки тўғри келиб қолгандагина Қуръон ўқиш ана шундай алоқага ўхшайди. Аллоҳ Каломи билан бундай носамимий муносабат орқали боғланган ришта жуда мўрт бўлади.

Иккинчи муносабатни эса айрим кишилар билан мажбурий, нимадир манфаат юзасидан боғланиш дейиш мумкин. Лекин ўртада на самимият ва на ишонч бўлмагани учун икки томон ҳам бир-бирлари билан кўнгил очиб гаплашиб, дардлашолмайдилар. Худди шу сингари, инсон Қуръонни ўзига ҳамроҳ қилса-ю, бироқ ишонч ва самимият билан унга боғланмаса, муборак Китоб ҳеч қачон унга ўз сирлари, ҳикматларини очмайди.

Учинчи муносабат… Инсоннинг шундай дўстлари бўладики, уларни кўрганида, дардлашганида хотиржам тортади, бу дийдор қалбига ҳузур бағишлайди. Кўришмаган ёки гаплашмаган пайтларида ҳам ишонган ва азиз билган дўсти яқинида экани, бошига бирор иш тушса, албатта, ёрдамга келишини ҳис қилиб туриши кишига ҳузур-ҳаловат бахш этади. Шу сингари, инсоннинг Қуръон билан алоқаси ишонч, самимиятга асосланса, бу дўстлик инсонга саодат келтиради, ҳаловатга етказади.

Шулардан келиб чиқиб, мулоҳаза қилайлик: бир кунда Қуръон ўқишга қанча вақт ажратамиз? Телевизор кўриш, интернетда ўтириш, газета ўқиш, янгиликлар билан танишиш, чой устида суҳбатлашишга кетган соатларимиз билан Қуръонга ажратган вақтимизни солиштирсак… Ҳадиси шарифдаги сўров айнан бизга айтилгандек: "Сизлардан бирингиз бозордан эҳтиёжларини ҳал қилиб уйга қайтгач, тўшакка ястаниб Қуръондан уч оят ўқишига нима тўсқинлик қилади?" (Сунани Доримий).

Анфол сурасида Қуръон ўқиш билан инсон қалбидаги имон зиёда бўлиши марҳамат қилинади (2-оят). Аммо Қуръонни ҳис қилмасак-чи? Бунга илм аҳли шундай жавоб беради: "Агар Қуръон маънолари сенинг қалбингда янгидан нозил бўлмас экан, на Розийнинг тафсири, на Замахшарийнинг "Кашшоф"и дардингга чора бўлолмайди".

Шундай бўлгач, ҳар биримиз дўстимиз, энг яқин ҳамроҳимиз, шафоатчимиз – Қуръони карим билан ўртамиздаги муносабатларни кўздан кечиришимиз, у билан ўртамизда ҳосил бўлган бўшлиқни тўлдиришимиз зарур. Бунинг учун имконимиз бор. Зотан, қисқа умримиз билан абадий жаннат ҳаётини қўлга киритиш учун беҳисоб имкониятлар берган Аллоҳ таоло розилиги ва саодатга етишиш йўлида Қуръони карим энг яхши йўлбошчидир.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: