Қайси бири муҳимроқ?

Ишонмаслигингиз мумкин, лекин болалар нутқининг яхши ривожланмаслиги телевизор кўришга жуда-жуда боғлиқ. Олимлар фикрича, ҳар куни экран қаршисида вақт ўтказадиган болаларда нутқий нуқсонлар ва диққатни жамлолмаслик каби муаммолар кўп учрайди. Нега бундай? Ахир улар ҳар куни телевизор орқали турли мулоқотлар, суҳбатларни эшитади-ку?

Бола мияси техника воситалари орқали ўрганишга мослашмаган. У яхши ривожланиши учун жонли мулоқот керак, шундагина одамнинг ҳис қилиш, эшитиш ва фикрлашга ихтисослашган аъзолари фаоллашади.

Сўнгги йилларда техника жадал тараққий этди. Компьютер ва телевизор айрим оилаларда асосий ўринни эгаллаб улгурди. Уларни ишдан келгандаёқ ёқишади ва фақат уйқу олдидангина ўчиришади. Болалар телевизор кўрмаган тақдирда ҳам, телевизор шовқини катталарнинг гап-ўзларини эшитишга халал беради.

Бироқ муаммо фақат шовқинда эмас. Олимлар фикрича, телевизор болалар нутқига шовқин туфайли эмас, балки катталарни ўзига жалб этиб, ўзаро мулоқотдан тўсиб қўйгани сабабли салбий таъсир кўрсатади. Уйда телевизор қанча кўп ёниқ турса, ота-оналар фарзандларига шунча кам эътибор беради. Натижада мулоқотга сув ва ҳаводек эҳтиёж туйган болалар гаплашиш имкониятидан мосуво бўлади.

Салбий таъсирлар фақат нутқдаги нуқсонлар билангина чекланмайди. Тадқиқотлар телевизорга михланган болаларда тасаввур қобилияти жуда ёмон ривожланишини кўрсатди. Бундай болалар агар телевизор ўчириб қўйилса, нима билан шуғулланишни ҳам билмай қолади. Улар бир жойда кўп ўтираверганидан кам ҳаракат қилади, натижада жисмонан яхши ривожланмайди. Кўзга кўп юк тушаверишидан кўриш билан боғлиқ касалликлар пайдо бўлиши мумкин.

Демак, телевизорни боланинг ҳаётидан тўла-тўкис олиб ташлаш керак экан-да! Йўқ, бунинг иложи йўқ! Ҳозирги кунда телевизор ҳам худди компьютер, мобил телефон каби одамлар ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаб бўлган. Фақат ота-оналар фарзандлари телевизор қаршисида қанча вақт сарфлаётганлари, қайси каналларни томоша қилаётганларини мунтазам назорат қилишлари керак. Аслида, телевизорсиз ҳам болага яхши машғулотлар топса бўлади. Бунинг учун ҳафсала ва масъулият керак, холос. Энг олдин катталар ўзлари учун қайси бири муҳимроқ эканини аниқлаб олишлари зарур: бир-биридан қизиқарли сериалларми ёки боласининг камол топишими?

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: