Ўз уйингга эгалик бахти

Тасаввур қилинг, ҳашаматли уйингиз бор. Ҳамма шароит муҳайё: мевали дарахтларга тўла ажойиб боғ, зилол сувли шарқираб оқаётган ариқ, нақшинкор устунли айвон, кенг хоналар ва ҳоказо. Лекин битта камчилик – бу уй сизники бўлса ҳам унда бошқа бировнинг сўзи сўз, гапи гап. Сиз ҳам ўша одамнинг қош-қовоғи, оғзига қараб турасиз. Ҳовлидаги неъматлар ва қулайликлардан унинг изнисиз фойдалана олмайсиз. Сизга шундай шароитда яшаш ёқадими?

Мустақиллик ўз уйингда ўз сўзингни айта олиш, истаган нарсангни амалга ошириш демакдир.

1 сентябр куни кеч соат тўққизлар чамаси кўчада яқинларим билан айланиб юргандик. Тўсатдан нимадир қаттиқ гумбурлади, ҳамма овоз келган томонга шошилди. Кўпқаватли уйнинг нариги тарафига ўтиб, ажойиб манзарага гувоҳ бўлдим: Мустақиллик байрами муносабати билан мушакбозлик бошланганди. Шерикларим билан мириқиб томоша қилдик, таассуротлар чексиз эди. Тўлқинланиб кетдим. Ишонинг, маҳалладошлар билан шундай ажойиб манзарани томоша қилишнинг гашти ўзгача экан. Беш дақиқача давом этган мушакбозликни тугатиб, йўлда давом этарканман, хаёлимга бир фикр келди: агар одамлар хотиржам бўлмаганда мушакбозликни берилиб кўрган бўлишармиди? Таассуротларини бир-бирлари билан ўртоқлашишармиди? Демак, биз шунчалар хотиржам яшаяпмизки, катта ва кичик хурсандчилигу ўйин-кулгу қилиш кўнглимизга сиғяпти.

Мустақиллик ўз уйингда хотиржам яшай олиш, деганидир.

Яқинда анчадан бери кўрмаган дўстимни учратиб қолдим. Қурилиш ташкилотида ишлаётган экан. Шу яқин атрофдаги, ўзлари ўтган ҳафтагина қуриб битирган ишхонасининг янги биносини кўришга таклиф қилди. Бордик, ичкарига кириб, ҳайратда қолдим. Замонавий услубда қурилган бино техниканинг энг сўнгги намуналари билан жиҳозланганди. Очиғи, келажакда шу ерда фаолият юритадиган ҳамюртларимга ҳавасим келди.

Мустақиллик ўз уйингда истаганингча бунёдкорлик ишларини олиб боришинг мумкин, деганидир.

Қариндошларимдан бири машина олмоқчи эканлигини айтиб қолди. Бошқа бир қариндошим керакли маслаҳатларни берди. Чунки унинг иккита машинаси бор. Бу мавзудаги гап тугагач, яна бир қариндошим сўзни янги сотиб олган ҳовлисига бурди. Барчамизни хонадонига таклиф қилди. Тўкин дастурхон устида, фаровон ҳаёт ҳақида гаплашиб ўтирганимиздан бир оз ғурурланиб қўйдим.

Мустақиллик ўзинг истаганингча мулкка эга бўлиш имконияти деганидир.

Ҳар йили икки маротаба келадиган Ҳайит байрамини барчамиз севамиз. Айём арафасида қўшнилар бир-бирларига тўкинлик ва дўстлик рамзи сифатида таом, ширинликлар тарқатишади. Ҳайит кунлари эса, энг олдин байрам намозини адо этамиз, улуғларимизни зиёрат қиламиз, қариндошлар билан учрашамиз, дўстлар дийдорига шошиламиз. Мискинлар ҳолидан хабар оламиз. Қурбон ҳайитида муборак ҳаж амалларини бажариб, юртга қайтиб келаётган танишлармизни кутиб олишга чоғланамиз.

Мустақиллик ўзинг истагандек эътиқод қила олиш имкони демакдир.

 

Шоакмал Шоакбар ўғли

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: