Оила жанг майдони эмас Муҳим

Оилавий муносабатлар доимо икки тарафдан – эрдан ҳам, хотиндан ҳам маълум қурбонликларни талаб қилади. Лекин тарафлар худбинлик қилса-чи? Ҳеч ким қурбонлик беришни истамаса-чи? Унда оила жанг майдонига айланади. Эр-хотин “Ким кучли?” мусобақасига киришади. Эр улфатларига оилада эришган “ғалабалари” ҳақида оғиз кўпиртирса, хотин эса бу беллашувда қандай макрлар билан ютиб чиққанидан гапиради. Аҳвол шу тарзда давом этса, ўттиз йилдан сўнг нима бўлади? Агар оила араваси дарз кетиб синмай ўттиз йил чидаб берса, турмуш дарсларини олган эр ва хотин ортга боқиб пушаймон бўлади. Қўлларида турган бахтли бўлиш имконини бой бериб, ҳаётларини ким учун яшаганларини тушунмай афсус чекадилар.

Ҳаёт – сизнинг ҳаётингиз, уни ўз қўлларингиз билан қурмоғингиз даркор. Ҳеч нарса ўз-ўзидан келмайди, шу қатори бахт ҳам. Бир замонлар ёнингиздаги инсонни бахтли қилишни орзулаганингизни эсланг. Ўзингиз ҳам бахтга лойиқ эканингизни ҳис қилинг. Турмуш ўртоғингизнинг қайсидир жиҳатини хуш кўрмасангиз, уни ўзгартиришга бел боғламанг. Инсон ўзи ўзгаришни истамаса, сиз ҳеч нима қилолмайсиз.

Аччиқ сўзлар ўрнини ширинлари ҳам боса олади ва ҳатто кўпроқ самара беради. Ғазабингизни босишни ўрганинг. Ҳамма нарса ҳам такрорлангани сари одатга айланади. Бирор кишидан жаҳлим чиққанида бувим доимо:

– Болам, бировдан аччиғинг чиққанида унинг сенга қилган яхшиликлари эслагинки, ғазабинг кўзингни кўр қилиб қўймасин, – дердилар.

Эрингиз ёки хотинингиздан жаҳлингиз чиққанида унинг яхшиликларини, ширин сўзларини ёдга олинг. Кўнглингиздаги ғашлик оз бўлсада кетганини ҳис қиласиз. Жанжалга олиб борадиган тортишувларда ҳақ эканингизга тўла амин бўлсангиз ҳам, буни исботлашга уринаверманг. Ўзингизни “рақиб”ингиз ўрнига қўйиб кўринг.

Бир бирингиздан миннатдор бўлишни ўрганинг.

Шу ўринда икки мисолни келтириб ўтсам. Биринчиси:

Янги турмуш қурган жуфтлик. Куёв ишдан келди, уйда эса нон йўқ. Келингина югуриб чиқиб:

– Уйда нон йўқ эди, – деди ширингина қилиб.

– Ҳозир олиб келаман-да, – дўконга шошилди куёв.

– Ишдан чарчаб келгансиз, – қайғурди келин.

Бу сўзлардан куёвнинг кўнгли кўтарилди. Чунки аёли у ҳақда ўйлаётган эди…

Иккинчи мисол: юқорида келтирилган оила, бир неча йил ўтгандан сўнг. Ишдан чарчаб чиққан эр бозорга кириб, рўзғорга ул-бул олди. Уйга келди. Остонада хотини қошларини чимириб кутиб олди. Халтани кўздан кечиргач, эрига таъна қилди:

– Майда картошка олманг, деб минг марта айтганман. Гўштни яна суяк қилиб берибди, кўтариб келаверибсиз.

Ҳаракатлар ўша-ўша, аммо уларга муносабат ўзгарган. Энди кейинги сафар эрда бозордан нарса олгани иштиёқ ё бўлади ёки йўқ. Аёл эса яна бир ишни – бозорга бориб, ўзига ёққан картошка ва суяксиз гўшт олишни ўзи сезмаган ҳолда зиммасига юклади. Маҳалладаги аёллар билан “дардлашар” экан, эрининг қанчалар ўзгариб кетганини достон қилади. Аммо ўзидаги ўзгаришларни кўрмайди, сезмайди…

Оиладаги бахтни ҳис қилиш ва ҳис қилдира билиш асосан аёл зиммасига тушади. Бу табиий, чунки унинг табиатида фидойилик билан бирга назокат, латофат ва сабр бор.

Эркакка эса ғурур хос, оилани турли озорлардан сақлаш туйғуси хос. Фақат ёнида буни ҳис қилдира оладиган аёли бўлсин.

Шундай экан, турмуш ўртоғингизни ўзгартиришга ҳаракат қилманг, унда ўзгариш учун иштиёқ уйғотинг.

Ширин Акбарова

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: