Намозингиз қабул бўлсин

Мавлоно Румийда намоз банданинг Аллоҳ таоло билан мулоқоти эканлиги билдирилиб, бу ибодат пайтида инсоннинг руҳоний тафаккур ҳолатида бўлиши лозимлиги шундай баён қилинади:

“Намозга турган киши “Аллоҳу акбар”, дея ифтитоҳ такбирини айтаркан, нафсоний оламдан узоқлашиб, худди қурбонликка аталган жонивор сингари Аллоҳга ўзини топширади. Зотан, қурбонлик келтирилаётганда “Аллоҳу акбар” дейилади. Шундай бўлгач, намозхон такбир келтиргани замон, ўз нафси бўйнига қилич солади.

Жамоат намозида саф-саф турилади – гўё қиёмат кунидан бир манзара мисоли. “Қиём” асносида Жаноби Ҳақнинг Улуғ кундаги хитобини хотирга келтириш зарур бўлади:

– Сенга берилган умрни қандай ўтказдинг? Киромин котибиннинг ёзганларидан хабаринг борми? Вужудинг қувватини нималарга сарфладинг? Кўзларинг билан қаерларга боқдинг? Ақлинг билан неларни тафаккур қилдинг? Қўлу оёқларинг нима ишларни бажарди? Сенга ато этилган бу неъматлар билан қандай амаллар қилдинг?

Жавоби мушкул бўлган бу каби саволларни онгидан ўтказган банда уятнинг зўридан тик туришга мажоли қолмай, рукуъга бориб, Парвардигорига тасбеҳ айта бошлайди. Шу он яна:

– Рукуъдан тур, Раббингнинг саволларига жавоб бер, – дея буюрилади.

Банда такрор қиём ҳолига келиб, “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, дея дарҳол саждага бориб, тасбеҳ айтади. Ҳақдан яна: “Бошингни кўтар, ўз аҳволинг, қилган амалларинг ҳақида фикр қил”, деган амр бўлгач, икки сажда орасида қисқа муддат ўтириб, уятдан яна саждага эгилади. Жаноби Ҳақ такрор:

– Бошингни кўтар, ҳисоб беришинг лозимлигини ўйла! – дейди.

Банда қаъдага ўтиради, Аллоҳдан шундай нидо бўлади:

– Сенга ҳисобсиз неъматлар бердим, уларга шукринг қай даражада? Берилган сармоядан қай даражада фойдалана билдинг?!

Намозхон ўнг томонига салом беради, гўё пайғамбарлардан, хусусан, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан шафоат истайди:

– Эй улуғлар, шафоат қилинг, паришонман, ҳолим абгор…

Улардан жавоб бўлади: “Тадбир фурсати ўтди, унинг вақти, макони дунёда эди. Бунда эса ҳар кимсанинг юраги қўрқув ва андиша билан тўлган”.

Чап томонига салом бериб, яқинларидан, қариндош-уруғларидан ёрдам умид қилади. Улар ҳам: “Биздан кўмак кутма, ҳаммамиз ўз жонимизнинг ғамидамиз. Бизлар киммизки, сенга ёрдам бера олсак…”

Бошқалардан имдод кутиш бефойда эканлигини билган қул шу онда тасбеҳ айтади ва қўлларини дуога очиб ёлворади:

– Аллоҳим! Ўзингдан ўзгадан ҳеч бир умид йўқ. Ўзингдан ўзга барчаси фоний. Аввал ҳам Сенсан, охир ҳам Сенсан. Менга ёрдам қиладиган фақат Ўзингсан!”

…Намозни ана шундай тафаккур ҳолатида ўқимоқ лозим. Зотан, намознинг зоҳири (баданий қисми)га таҳорат қанчалик зарур бўлса, ботини шунчалик хушуъни талаб қилади. Хушуъ билан ўқилган намоз эса гуноҳларга қарши маънавий қалқондир: “…намозни мукаммал адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмонликдан қайтарур!..” (Анкабут, 45).

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: