Миллат бошига келган бало Муҳим

Узундан-узоқ мақолалардан кўра қисқа ва лўнда хулосалар одамларга яхшироқ таъсир қилади. Шунга кўра, таржимон Абдуллоҳ Раҳимбоев ҳамда муҳаррир Шокир Долимов сериал ва фильмлар аста-секин миллатимиз онгига сингиб, жамиятимиз маънавиятига путур етказаётган зарарини жамлаб, рўйхат тузишди. Марҳамат, ушбу рўйхат билан танишинг:

1. Неча ёшда бўлишидан қатъи назар, севгилиси бўлмаган одам “қийналган”, “бечора” саналади. Бирор қиз ёки йигит билан дўст бўлиш зарурлиги киши онгига сингдирилади.

2. Энг муҳими севги-муҳаббат бўлиб, уйланиш (никоҳланиш) йўлида ор-номус ва ота-она фидо қилинади. Бошқача айтганда, ҳаётда бирорта қиз билан яқин алоқада бўлиш шарт.

3. Бошқаларни менсимаслик, одамлар устидан кулиш кишининг ижобий сифатлари, фазилатларига айланиб, катта ҳурмат ва эътиборга эришади. Минг афсуски, обрў қозониш тушунчасининг бундай маъноси жамият онгига айнан шу йўсинда, яъни сериаллар воситасида сингдирилди.

4. Эзгу мақсадда ёлғон гапириш, ўғрилик қилиш мумкин бўлиб, қораланмайди. Исломда нотўғри саналадиган бундай разил ишлар зиддига ўзгартирилди ва бу ҳолат аста-секин “меъёрий ҳолат” сифатида кўрилмоқда.

5. Камбағал асло бахтиёр бўла олмайди. Бахт фақат бойлик ва шон-шуҳратда. Ҳолбуки, бахтли бўлиш йўлларидан бири оз бўлса ҳам, ҳалол меҳнатдан насибадор бўлишдир. Бироқ бундай тушунча унут бўлмоқда.

6. Эр-хотин муҳаббати илк кунларидаги каби бўлмаса, ажрашиб кетиши, бошқаси билан турмуш қуриши керак. Томошабин ҳам бунга рози бўлиб, сериал қаҳрамонларини қўллаб-қувватлаши зарур. Яхши-ёмон кунда бир умр бирга бўлишдай муқаддас тушунча энди йўқ!

7. Никоҳсиз яқинлик муаммо эмас. Балоғат ёшига етган йигит-қиз ўзи хоҳлаган киши билан жинсий алоқа қилишга ҳақли. Номаҳрамга қўл теккизиш оловга қўл теккизиш билан баробар дея саналган исломий тарбияга чек қўйилиб, севса-да, никоҳи йўқлигини рўкач қилиб жинсий яқинлик қилмайдиган йигит-қизлар қаттиқ қоралана бошланди.

8. Ҳар қандай одам ҳурмат қозонишни, уни ҳамма ёқтиришини истаса, албатта, чиройли, келишган, бой бўлиши шарт. Акс ҳолда, эътиборсиз бўлганча қолиб кетади. Киши ҳар нарсани юзаки ва моддиятдан қидиришга ўрганиб қолмоқда, тополмаса ўзини хор, паст табақа сифатида ҳис эта бошлади.

9. Қизлар учун гўзаллик 34-ўлчамли озғин бўлиб, калта юбка кийиб юриш бўлса, йигитлар учун келишганлик мушакли бўлишни англатиб, танани ҳар ерда, ҳар кимга кўрсатиб мақтаниш одат тусига кирди.

10. Одоб, гўзал ахлоқ – эскилик сарқити. Чунки бундай сифатларга эга киши анойи ҳисобланиб, одамлар ундан ўз манфаатлари учун фойдаланишади. Ҳирсли, зукко бўлиш талаб этилади. Бунда, зукколикни бошқага чоҳ қазиш йўлида моҳирона ишлата билиш керак.

11. Ҳақиқий бахт тўкин-сочин, бадастир, фаровон ҳаёт билан ўлчанади. Бахт борасида ислом белгилаган ва тавсия қилган амаллар бундай ўлчамга зид келади.

tafsilot.uz дан олинди

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: