Иброҳим Карлсоннинг ҳидоят сари сафари

Оддий, аммо бир-бирини жуда севадиган швециялик оиланинг фарзанди бўлиб дунёга келдим. Дин билан жуда унақа алоқамиз йўқ эди. Йигирма беш ёшимгача Худонинг борлиги ёки маънавиятга тегишли мавзуларга умуман эътибор қилмасдан яшадим. Яна ҳам аниқроғи моддапараст (материалист) дунёқарашга эга эдим.

Лицейда ўқиб юрган кезларимда китобнинг ашаддий ишқибози эдим. Фурсат топдим дегунча қўлимга бирон китобни олиб, ўқишга тушар, вақтимнинг кўп қисмини мактаб кутубхонасида ўтказардим. Шундай кунларнинг бирида Қуръоннинг инглизча таржимасидан парчалар қўлимга тушиб қолди. Айнан қайси қисмилиги ҳозир эсимда йўғ-у, бироқ ўқиганларимдан жуда таъсирландим.

Лекин яна диндан узоқ ҳаётда яшашда давом этардим. Менинг дунёйимда Худога ҳеч ўрин йўқ эди, унга эҳтиёж ҳам туймасдим. Борлиқнинг қандай жараён қилишини Ньютон тушунтириб берганди ва менга шунинг ўзи етарли эди.

Орадан бир мунча вақт ўтди. Бу ўртада мен ўқишни тамомлаб, ишлай бошладим. Озроқ маблағ тўплагач, ўз уйимга кўчиб ўтдим ва биринчи навбатда ажойиб компьютер сотиб олдим. Бир пайтнинг ўзида ҳаваскор сифатида фотографлик билан ҳам шуғулланар, ҳар куни атрофимдаги ғаройиб ва жозибали кўринган манзараларни расмга олиб, архив яратардим. Бир куни бозорлардан бирини узоқдан расмга олиб турсам, ёнимга ранжиганнамо қиёфадаги бир мусулмон кўчманчи киши келди. Онаси ва синглисини расмга олишимга мутлақо қарши эмиш. “Ўзи мусулмонлар ғалати одамлар бўлар экан-да!” – деб қўйдим.

Қуръони карим таржимасининг ҳаммасини ўқиб чиқдим ва унинг ҳам мукаммалликда, ҳам мантиқийликда тенги йўқ эканини англаб етдим. Бироқ қалбимда ҳануз Худо йўқ эди…

Бир куни саҳар вақти уйғониб, миямга биринчи бор: “Менга фурсатларга тўла янги кунни бахш этган Парвардигорга кўп шукрлар айтаман”, деган фикр келди. Бу тажрибалардан кейин Тангрининг борлигини инкор этолмасдим. Аммо йигирма беш йил худосизликда яшагандан сўнг бирданига буни қабул қилиш ва эътиқодли бўлиш қийин эди. Энди қайтиб бўлмайдиган нуқтага етиб қолгандим. Худо менга қайсидир жиҳатдан йўл кўрсатаётган эди. Миямда ғужғон ўйнаган саволларга жавоб топиш учун яна-да кўпроқ ўқиб-изландим. Охир-оқибат бутун жасоратимни тўплаб, яқин орадаги жомеъ масжидини қидириб топдим ва бу ердаги мусулмонлар билан кўришиш ниятида эканимни айтдим. Бу ерда кўплаб хуш ниятли инсонлар билан танишдим. Шундан кейин Ислом ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди. Тинимсиз дуо қила бошладим ва илк бор жума намозига бордим. Энг орқа сафда, имомнинг айтаёган гапларидан ҳеч нарса англамай турган бўлсам ҳам, бу ибодат менга жуда маъқул бўлди. Хутбадан кейин ҳаммамиз биргаликда сафларга тизилишиб, намозга турдик. Бу Ислом сари сафарим асносидаги энг ажойиб тажриба эди. Саф-саф бўлиб, биргаликда ҳаракат қилаётган бу икки юз чоғли одамлар самимий туйғу ва соф ихлос билан ягона Аллоҳга ибодат қилишарди. Нақадар ажойиб!

Аста-секин онгим қалбим билан ҳамфикр бўла бошлади. Лекин ҳақиқатдан ҳам Исломни дин сифатида қабул қила олармиканман? Швециядаги давлат черковини аллақачон тарк этгандим. Хўп, кунда беш маҳал намоз ўқий оламанми? Одатланиб қолган овқатланиш тарзимдан воз кечиш осон бўлармикан? Оилам ва дўстларимга нима дейман? Мусулмон дўстларимдан Умар Исломга киргани учун оиласи уни жиннихонага ётқизишмоқчи бўлишгани эсимда… Мен шундай муносабатларни муносиб қаршилай олишга тайёрманми?

Ёзги таътил бошланганда бир қарорга келдим. Мусулмон бўлишим керак! Fусл қилиб, покиза кийимлар кийдим. Масжидга келиб, дўстларимга ниятимни изҳор қилдим ва пешин намозидан кейин дўстларимнинг шоҳидликларида шаҳодат калималарини айтиб, мусулмон бўлдим. Менга хотиржамлик бахш этгани, оилам ва дўстларимнинг қароримга ҳурмат билан қараганлари эди. Улар мени кунда беш маҳал намоз ўқиш, чўчқа гўштини емаслик каби динимиз йўриқларидан тез орада воз кечади, деб ўйлайдилар. Аммо Аллоҳнинг мадади билан уларнинг янглишаётганларини кўрсатаман ва бор куч-ғайратимни ишга солиб, яхши мусулмон бўлишда давом этаман.

Нўъмон Абдулмажид таржимаси

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: