Ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг манзилимиз

Инсонларнинг афзали, Аллоҳнинг сўнгги ва суюкли элчиси яшаган давр “Асри Саодат” дейилади. Бу асрда оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад (с.а.в.) инсонларни тўғри йўлга бошлаш учун чиройли одоблари билан, хуш муомалалари билан, қайноқ меҳр-муҳаббатлари билан, Қуръонлари билан келдилар. Ул зоти шариф келгунга қадар инсоният ширк ва жаҳолат зулматидан қутулишга уринаётган эди.

Ул зот ташриф буюрдилару, олам мисли қуёш чарақлагандек чароғонлик ва файзга бурканди. Ундан чиқаётган нур Муҳибнинг Ҳабибга ато айлаган туҳфасидан нишона эди.

Бироқ…. У зотни атрофдагилар инкор қилмоққа киришдилар. Жон-жаҳдлари билан киришдилар. Ҳолбуки, Расуллик шарафини қабул қилиб олмасларидан бурун Муҳаммад ал-Амин – ишончли Муҳаммад дегувчилар ўзлари эди. Инкор қилганлар ич-ичларидан У кишининг ўзгача, буткул ўзгача эканликларини ҳис қилиб турардилар. Лекин малъун нафс бўйни ёр беришни истамади.

Расулга (с.а.в.) эргашганлар эса, ҳақ йўлида барча нарсаларидан, лозим келса, ширин ҳаётларидану бойликларидан воз кечдилар. Кечдилару ўзларини бепоён меҳр ва самимият қучоғида кўрдилар. Ҳа, буюк Элчининг муҳаббати барчага етарди. Издошларга икки дунё саодати ваъда қилинганини айтган Расул (с.а.в.)ни Парвардигор қўллади. 10 нафар саҳоба ҳаётлик чоғидаёқ иккинчи дунё  саодатига ҳам эришгани башоратини олгани маълум бўлди. Зеро бу дунё саодати Расул (с.а.в.) билан ҳамнафас, елкама-елка туриб яшаш имкони эди.

Аллоҳ Ўзининг Расулидан сўнг башариятни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Пайғамбарларнинг мероси барҳаёт. Бу йўлнинг Қуръон ва ҳадис каби ёритиб турувчи фонуслари бор. Ўшал фонуслар кўрсатган йўлдан юрсак тўғри манзилга етиб борамиз. Бизни саодат соҳили, бахт дарвозалари ўзига чорламоқда. Ўшал соҳилга етиб, дарвозадан кирганимизда интиқлик билан кутилган Дийдор ва ваъда қилинган мутлақ Жамол кутмоқда. Ўша йўлдамисиз, азизлар?!.

Шоакмал Акбарзода

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: