Фолбинларга ишонманг

Қадарга иймон келтириш ва яхши-ёмон нарсанинг бари Аллоҳдан эканига ишониш иймон арконларидан ҳисобланади. Лекин Аллоҳ Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажакни сир тутди. Бунга кўплаб ояти карималар далолат қилади. Жумладан бир оятда Аллоҳ шунда дейди: "Айтинг: Аллоҳдан бошқа осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайбни билмас" (Намл, 65).

Агар келажакдаги ишлар инсонга маълум бўлса эди, имтиҳон бўлмасди. Чунки ғайбни билган одам фақат ўзига фойдали ишларни қилиб, зарарли ишлардан сақланган бўларди. Лекин инсонлар орасида одамларнинг келажагини, тақдирини биламан, деб даъво қилувчи сохта башоратчи-фолбинлар ҳам йўқ эмас. Бундай тоифа қадимдан мавжуд бўлиб, улар коҳин деб аталган.

Шу ўринда фолбинлик тарихига назар ташлаб ўтсак. Маълумки, замин инсонларнинг макони, осмон эса малоикалар ошиёнидир. Аллоҳ таоло Ер юзидаги бандалари хусусидаги барча ҳукмларни адо қилишни ана шу фаришталар зиммасига юклагандир. Оламда учинчи тоифа – жинлар ҳам борки, инсоният узоқ йиллардан бери улар билан турлича алоқаларда бўлиб келган. Исломдан олдин ана шу жинларнинг айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гап-сўзларини ўғринча эшитиб олиб, Ердаги фолбинларга етказиб туришган. Жинлар ва фолбинларнинг бундай алоқалари Қуръон нозил бўла бошлагунча давом этган. Кейин эса, жинларнинг тинчгина ва қаршиликсиз осмонга чиқиб, хабар келтиришлари ниҳоясига етди. Вазият энди бошқача тус олган эди. Уларнинг тинчини бузган ва ишларига якун ясаган воқеа ҳақида Қуръонда жинларнинг тилидан шундай дейилади: "Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач), кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни топар. Биз ердаги кишиларга ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғри йўлни ирода қилганми, билмасмиз" (Жин, 9-10)

Ваҳийнинг мусаффолигини таъминлаш ва одамлар орасида шубҳага ўрин қолдирмаслик ҳамда Қуръон оятлари билан фолбинларнинг сўзлари аралашиб кетмаслиги учун ҳам Аллоҳ таоло жинларни осмонга чиқишдан манъ қилди. Осмонларга қўриқчи қўйди. Осмондаги учар юлдузлар ана ўшандай жинларга отилган ўқлардир.

Баъзи инсонлар назарида жинлар ғайбий ишларни билувчи ҳисобланади. Аслида улар ҳам ғайбдан бехабардирлар. Бунга қуйидаги оят ҳам далилдир: "Бас, қачонки, Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилганимизда, унинг ўлимига фақат асосини еётган кемирувчи қуртгина далолат қилди. Бас, қачонки, у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида, бу хор қилувчи азобда (меҳнатда) қолмаган бўлур эдилар" (Саба, 14).

Маълумки, Сулаймон (а.с.) ҳассага суянган ҳолда жон таслим қилганлар. Унга хизмат қилувчи жинлар эса, унинг вафот этганини билмасдан, оғир ишларда давом этаверганлар. Сулаймон (а.с.) суяниб турган ҳассани бир йил давомида ёғоч қурти еб, кемирди. Натижада Сулаймон (а.с.) ерга қулаб тушдилар. Шундай кейингина жинлар унинг ўлганини англаб етдилар ва тарқаб кетдилар. "Сулаймон ўлди, девлар қутулди", деган нақл ҳам шундан қолган. Агар баъзи инсонлар ўйлаганидек, жинлар ғайб сирларидан огоҳ бўлганларида эди, Сулаймон (а.с.) ўлиши билан мажбуран қилаётган оғир ишларини дарҳол тўхтатган бўлардилар.

Исломда фолбинлик жуда қатъий таъқиқланади. Бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: "Кимки фолбин ҳузурига бориб, ундан бирор нарса сўраса, қирқ кунгача унинг намозлари қабул қилинмайди, қирқ кунгача унинг учун тавба эшиклари ёпилади. Агар фолбиннинг сўзига ишонса, кофир бўлади".

Ушбу сўзлар мунажжимларга ва уларнинг сўзларига ишонувчи нодон кишиларга ҳам тегишлидир. Чунки юлдузлар фақатгина уч нарса учун: осмонга зийнат, жин ва шайтонларга отиладиган тош ва инсонлар йўл топиб олишлари учун аломат-белги қилиб яратилгани ҳадисларда баён қилинган.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!

"Жума мавъизалари"дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: