Фарзанд тарбияси

Фарзанд Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги бир неъмат, дунё ҳаётининг зийнатидир. Аллоҳ таоло айтадики:

Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…” (Каҳф, 46).

Фарзанд қалбнинг райҳони, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб, кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бизларнинг солиҳ амалларимиз зиёда бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло инсонга фарзандни аслида неъмат қилиб берган, лекин гоҳида фарзанд ота-онасига бола эмас, бало бўлиши ҳам мумкин. Бундай нохуш воқеалар ҳаётда учраб туради. Шунинг учун уларни келтириб чиқарган сабабларни ўрганмоқ вазифамиздир. Қуйида улардан айримларига тўхталиб ўтамиз.

Биринчидан: фарзанднинг отага жафо қилмоқлиги ўша отанинг ўтмишда ўз отасига жафо қилганлиги сабабидандир. Аллоҳ таоло шу йўл билан унинг қилмиши учун бу дунёдаёқ азоблайди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: “Оталарингизга меҳрибон бўлинглар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасизлар”.

Иккинчидан: киши ўзига жуфти ҳалол танлашда янглишиши туфайли ҳам фарзанди унга бемеҳр бўлиши мумкин. Чунки фарзандга онанинг таъсири кўпроқ бўлади. “Эмиш инсон табиатига таъсир қилади”, дейишган. Она фарзанд учун биринчи даражадаги ўрнак бўлгани сабабли фарзанд унинг хулқ-атворидан кўп нарсани ўзлаштиради.

Учинчидан: шундай оталар борки, улар ўз зурриётлари тарбиясига бепарволик ва дангасалик билан қарайдилар. Кўпроқ ўз ишлари билан машғул бўладилар, турли сафарларга кетиб, уни ўз ҳолига ташлаб қўядилар. Ота тарбиясини олмаган, ундан таълим, чиройли одоб қоидаларини ўрганмаган фарзанд ҳам ноқобил бўлади.

Шундайлар ҳақида Имом Ибн Қаййим деганлар: “Фарзанднинг ёмон хулқли бўлиши бепарво отанинг ўз вақтида динимизга хос фарз ва суннатларни ўргатмаслиги туфайлидир. Оталар ўз болаларини ёшлик чоғларида қаровсиз қолдиришган бўлса, улар катта бўлганларида ўзларига ҳам, оталарига ҳам манфаат етказмайдилар”.

Тўртинчидан: фарзанднинг одоб-ахлоқига ёмон дўсту ёрларнинг ҳам таъсири жуда катта бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчига ўхшайди. Сен мушки анбар сотувчининг мушкидан сотиб олмаган тақдирингда ҳам, унинг хуш бўйидан баҳраманд бўласан, темирчининг босқони уйингни ёки кийимингни ёндириб юбормаган тақдирда ҳам, унинг бадбўй ҳидидан кўнглинг хира бўлади”.

Ота фарзандининг тарбиясини яхшиламоғи, унга Қуръон ва ҳадис таълимотларини ўргатмоғи, яхши ахлоқли бўлишга ундамоғи, ёмон дўсту ёрлардан фарзандини узоқ тутмоғи лозим. Чунки бундай дўсту ёрларнинг фарзанд тарбиясига таъсири жуда каттадир. Энг аввало ота фарзанду зурриётларининг солиҳ бўлишларини Аллоҳдан дуо қилиб сўрамоғи лозим.

Сўзимизни Аллоҳ таоло сизу бизларга Ўз каломида таълим берган дуо билан якунлаймиз:

…Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин…” (Фурқон, 74).

 

Жума мавъизалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: