Эҳтиёт бўлинг – янгилик! Муҳим

Умрим ахборотлар ичида ўтяпти. Ўқувчига бир янгилик бериш учун ўзим ўнини ўқиб чиқишим керак. Уларга шунчаки кўз югуртириб ўтаману, аммо онгости тафаккуримда минглаб керакли-кераксиз ахборотлар йиғилиб бораётганини ҳис этаман. Айниқса, охирги кунлардаги керагидан ортиқ янгиликлар, ҳар хил гап-сўзлардан чарчадим. Ҳадеб хавотирланавериш, тез-тез телефон титкилаш, лентанинг минут, сония сайин янгиланмаганидан асабийлашиш, ҳеч гап бўлмаганда нимадир ёзиб, бўлишиш…

Сезяпсизми, ахборотлашганимиз сайин қалбимиздаги ҳаловатимиз йўқолиб боряпти. Аввал жарчилар, кейин журналистлар, бугун эса ҳамма ахборот тарқатувчи. Телеграмда болалаб кетган каналлар тинмай вижирлайди, ижтимоий тармоқлар гап-сўзга тўла, янгиликлар сайтлари кечаю кундуз тиним билмайди. Миямиз эса шунча ахборотни ҳазм қилишга улгурмай, пақ этиб ёрилиб кетаман, деб турибди. Биздан минг, ўн минг чақирим узоқдаги одамнинг ташвишини ўзимизники қилиб, ҳар куни у учун қайғурадиган, лекин ёнгинамизда турган одамнинг дардига қулоқ тутмайдиган бўлдик. Меҳмонми, дўстимизми, оила аъзосими, фарқи йўқ, гўёки ўта муҳим иш қилаётгандек экранларга термулганимиз-термулган. Умримиз, ҳаётимиз, орзу-ҳавасларимиз виртуаллашяпти, реал ҳаётдаги муаммоларга тоқат қилолмайдиган даражада нозиклашиб боряпмиз. Бизни оддий гаплар овунтирмай қўйди. Чунки минг-лаб аккаунтлар, профилу статус, пост, блогпостларда улар ёзиб қўйилган – айтмасангиз ҳам ақлли гапларни биламиз. Аммо билган нарсамиздан таскин олмаяпмиз, бошқаларни ҳам юпантириш қўлимиздан келмай қолмоқда. Миямиз қандайдир кераксиз, мутлақо зарарли янгиликларни ҳазм қилиш билан банд турган пайтда на ўзимизни, на бошқаларни тарбиялашга куч тополмаяпмиз. Уларга вақтимиз ҳам, тоқатимиз ҳам етмаяпти.

Билмасвой ҳақидаги мультфильмни кўрган бўлсангиз керак. Болаларни авраб узоқ оролга олиб бориб, арғимчоқлар бериб қўяди. Болалар югуриб-елиб улкан мурватни ҳаракатга келтиради. Биз ҳам ўша қулоқсиз кичкинтойлардек кимларнингдир тегирмонини айлантиряпмиз. Охир-оқибат онгсиз, ўзи фикр-лай олмайдиган, "копи-паст"дан у ёғини билмайдиган эшакларга айланяпмиз…

Ахборот – менинг иш қуролим, бозорга олиб чиқадиган маҳсулотим. Савдогар ҳеч қачон молини ёмонлаймади, акс ҳолда, бозори касодга учрайди. Шундай бўлса ҳам, виждон билан бир гапни айтай: янгиликлардан эҳтиёт бўлинг, меъёридан ортиқ қабул қилинган ахборот ҳаёт учун хавфли!

Санжар Саид

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: