“Думли одамлар” дунёси Муҳим

Бундан анча йиллар аввал Абдулла Қаҳҳорнинг “Думли одамлар” ҳикоясини ўқигандим. Унда юртимизга келган америкалик сайёҳнинг саргузаштлари ҳақида ёзилган. Сайёҳ шаҳар айланиш асносида думли одамларни қидиради. Ўзи ишлайдиган газетага шов-шув бўладиган материал тайёрлаш учун думли одамнинг суратини олиб беришни ўзини айлантириб юрган Мелибой акадан сўрайди. Кўпни кўрган, меҳмоннинг ўзини тутишидан кўнгли ғашланган нафақахўр эса ғалати ҳолатлар (аслида фақат ёмон ва хунук нарсалар) – касал хўроз, хас-хашакларни оқизаётган бўтана сув, эски-тускиларни йиғиб юрган эшак арава ва жон бераётган итгагина диққат қаратган меҳмонни суратга олдиради…

Асарда қаламга олинган мавзу ўша дамларда кам учрайдиган ҳолат эди. Бироқ, афсуски, бугунга келиб “думли одамларни қидираётган”ларни истаганча учратиш мумкин.

Интернет саҳифаларида ўқидим. Фотосуратчи Кевин Картер Суданда очликдан юришга ҳам мажоли қолмаган қизчани суратга олмоқчи бўлади. Объективни тўғирларкан, орқароқда ўлжага кўз тикиб турган қузғунни кўради. Қизчани суратга туширгач, йигирма янада яхшироқ кадр олиш илинжида йигирма дақиқача қушнинг қанотларини ёзишини кутади…

Унга омад келтирган бу суратни “Нью-Йорк таймс” сотиб олади. Сурат чоп этилганидан сўнг Африкадаги очлик тимсолига айланади. Кевин Картер эса танилади. Бироқ шундан сўнг турли фикрлар билдирила бошланади: “Қизчага нима бўлди?” “Картер нега қизчага ёрдам бермади?”

Энди Кевинни ҳамма “Яхши сурат олиш учун гўдакнинг азобланишини объективдан хотиржам кузатиб турган одам”, деб айблай бошлади. Кейинчалик Картер дўстларига қизчага ёрдам бермагани учун афсусда эканини айтган. Бироқ вақт ўтган, самолётга шошиб турган фотосуратчи ўша пайтда бу ҳақда бош қотирмаганди. Ҳеч қанча ўтмай виждон азобида қолган Картер чуқур депрессияга тушиб, ўз жонига қасд қилади.

Бу воқеалар узоқда, улар бизга тааллуқли эмас, дейишга шошилманг. Юртимиз одамларининг бу борадаги ҳаракатлари янада аянчлироқ. Мана, улардан бири. Ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги натижасида йўл четидаги тўсиққа урилган машина ичида учта ёш қиз ўтирибди. Автомобилининг тутай бошлаганини кўрган ҳайдовчи қочиб қолади. Қизлар эса машина эшикларини очолмай ярим соатдан кўпроқ ўша ерда қолиб кетишади. Бу вақт мобайнида икки қиз ҳушини йўқотади. Воқеа жойига йиғилган 30 тача одам эса ёрдам бериш ўрнига, бўлаётган ишларни телефонга муҳрлаш билан овора…

Баъзан атрофга қараб ўзимни думли одамни қидираётганлар дунёсида яшаётгандек ҳис қиламан. Кишилар ўзгалар мусибатини суратга олиш билан банд. Ижтимоий тармоқ саҳифаларида эса кимгадир ёрдам берган, ҳайвонларни ўлимдан асраб қолганлар қаҳрамонлардек шарафланмоқда.

Ғаройиб воқеаларни суратга тушириб, тарқатиш, қилинган савобни оламга ёйиб, бу борадаги материалларга “лайк” босгандан кўра, оддийгина яшаган яхши эмасми? Битта кўзи ожизнинг қўлидан тутиб йўлдан ўтқазиб қўйиш, юк кўтарган қарияларнинг оғирини енгил қилиш билан одамийликнинг оддий шартларини бажарган маъқул, менимча. Зеро, бизсиз ҳам “суратга олувчилар” етарли. 

Нигора Абдумухтор қизи

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: