Чин дўст муборак, болажон! Муҳим

Ҳали бир ёшга тўлиб-тўлмаган болакай кенг, шинам хонанинг каттагина телевизор жойлаштирилган бурчаги томон эмаклаб боряпти. Мактаб ёшидаги набиралар катталар томоша қилаётган, қачон якун топишини ҳеч ким билмайдиган можароларга тўла сериалга эътибор бермай, компьютердаги ўйинга “кириб кетай” деб ўтиришибди. Улардан сал берида қалин жилдли китоб мунғайиб ётибди…

Хона ичидаги бу манзарадан таажжуб ва хавотирда ўтирган бобо гўдакнинг ҳаракатларини юрак ҳовучлаб кузатарди. Гўё унинг келажаги мана шу лаҳзаларда намоён бўладигандай. Болакай ака-опаларига яқинлашгач, компьютерга эмас, китобга интилганини кўриб бобонинг юзлари ёришди.

Ҳали дунёни таниб улгурмаган бу норасидани қандай куч, қандай туйғу сериалу мультўйинлар сари эмас, китоб томон йўналтирди экан? Йўқ, “тасодиф” сўзини айтишга шошилманг.  Бобо кўнглида юз очган умид қуёшини гумон булутлари билан хиралаштирманг.

Ана, унинг жажжи бармоқлари китоб юзини сийпалаяпти. Ниҳоят жилдини очди. Бу норасиданинг дунёда мутолаа деган нарса борлигини билиши, китоб билан тиллашиши учун ҳали неча йиллар ўтиши керак. Шундай бўлса ҳам, у ўзи билмаган ҳолда хиёнатни, гина-кудуратни билмайдиган содиқ дўстга жуда-жуда яқин келди.

Чин дўст муборак сенга, болажон. Улғайганинг сари ана шу беминнат дўстингга бўлган муҳаббатинг ҳам улғайиб борсин, илоҳим. Ҳаётингни эзгуликка буркайдиган, қалбингни гулдан-да гўзал қиладиган, сени ҳамиша қўллаб-қувватлайдиган содиқ дўстни – ҳамма замонларда азизлигича қоладиган китобни топганинг рост бўлсин…

Маъмура Абдураҳимова

,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: