Бобомнинг эсдаликларидан Муҳим

Бобом тўқсон ёшдан ўтиб, истиқлол неъматларига шукрона айтиб, ҳаж зиёратига бориб, ҳаётидан рози бўлиб кетди. У кишининг иккинчи жаҳон уруши йилларида кечган ҳаёти ҳақидаги айрим лавҳаларни ҳамон хотирамда сақлайман.

«Урушга отланганимда онанг ҳали чилласи чиқмаган чақалоқ эди. Бувинг бағридаги гўдакнинг нигоҳларига боқиб, насиб қилса, сени яна кўраман, дея пешонасини силаб хайрлашдим…

Жангчиларга Ўзбекистондан туршак, тутмайиз, иссиқ пайпоқлар билан бирга терим мавсумида уч чаноқли пахта ҳам келарди. Биз аскарлар пахтани ҳидлаб гимнастёрка чўнтагига солиб олар, унга термулиб, соғинч хуморимизни ёзардик. Бир куни Ҳайитали деган шеригим лўппи очилган пахтани, тўрт буклоғлиқ хатни узатиб: “Зокиржон, буларни эҳтиёт қилинг, урушдан омон қайтсангиз, оиламга топширасиз”, деди. Қанчалик таажжубланмай, “Хўп”, деб узатганларини олдим. Эртасига кечга томон старшина жангда ҳалок бўлганлар рўйхатини ўқиди. Улар орасида Ҳайитали ҳам бор эди. Бир бурчакка бориб дўстим ҳаққига Қуръон тиловат қилиб ўтирсам, яна бир сафдошим Василий ёнимга келиб йиғлаганча дуога қўлини очди.

Ўша воқеадан кейин рус йигити Василий билан қалин дўст бўлиб кетдик. Бир куни ҳандақда номоз ўқиётганимни кўриб қолиб, қаёққадир ғойиб бўлди. Кейин қўлида узунлиги етмиш сантиметрча келадиган гиламча кўтариб келди. Айтишича, бир қишлоқда эгасиз, қаровсиз ётган уйнинг деворида осиғлиқ турган жойидан олган экан. Гиламчани менга тутқазиб: “Закир, ты Богу молищся, чтолы, подложи под себя, в окопе сыро”, деди. Василийни қучоқлаб йиғладим…

Яна бир куни таҳорат учун сув ахтариб юрганимни кўриб, ўзи билан ёнида олиб юрадиган сув, спиртли ичимлик сақланадиган қопқоқли мешчасини ҳадя қилди.

Гоҳида тунда ошхонадан таом олиб келарди. “Биламан, сен чўчқа гўшти солинган овқатни емайсан, лекин мен сенга мол гўштидан қилинганини топиб келдим, қани, оғайни, бир тўйиб еб ол-чи”, дерди.

Эльба дарёси бўйларида даҳшатли жанг бошланди. Бу дарёни қон билан қайнаган сув деб аташарди. Бир нечта аскарлар топшириқ бўйича дарёдан сузиб ўтишлари керак, ораларида Василий ҳам бор эди. У: “Дарё бўйига яна қайтиб келишим учун дуо қил, Зокир, биз яна учрашамиз”, деб ўзини дарёга отди…

…Уруш тугади. Ватанга қайтиб Ҳайиталининг омонати – уч чаноқли пахта ва мактубни эгасига топширдим. Василийнинг мешчаси, унга мослаб жундан пишиқ қилиб тўқилган халтачаси ҳануз мен билан бирга…»

Бобом ўша нарсаларни умрининг охиригача асраб-авайлади. Бу билан дўстига бўлган вафоси, садоқатини намоён этгандир, эҳтимол?..

Назаримда, бобом ўша пайтда диний бағрикенглиги, тили, дини, миллатидан қатъи назар, чин инсонийликни қадрлагани учун Василийнинг меҳрини қозонган бўлса керак.

Маъмура Абдураҳимова

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: