Барҳаёт даво усуллари

Замонавий тиб илми қанча ривож топиб, сўнгги кашфиётлар туфайли қанча янгиликларга эга бўлмасин, Сарвари Коинот Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) бундан салкам ўн беш аср муқаддам умматларига қолдирган тавсиялари олдида бош эгаверади, ҳайратда қолаверади. Чунки уларни замонавий фан ва тиббиёт бирма-бир тасдиқлаб келяпти.

Ҳижратдан олдин Ясриб (Мадина) ва унинг атрофларида безгак касаллиги кўп учрар, минглаб одам шу туфайли ўлиб кетар ёки қаттиқ изтироб чекар эди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида атрофдаги ботқоқликларни кўриб, безгакнинг серсув ва ифлос жойларда тарқалишини айтганлар ва одамларга бош бўлиб, ўттиз минг туп хурмо эктирганлар.

Абул Баракотнинг ёзишича: “Бир касаллик чиққан жойда бўлсангиз, бошқа бирор ёққа кетманг, бошқа ерда касаллик тарқалса, у ерга саёҳат қилманг”, деб буюриб, илк бор “карантин” усулини Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) тавсия этганлар.

Барча касалликларда қатьий парҳезни буюриб, “Ҳамма даволарнинг боши будир”, деган ҳам Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эдилар.

Кўзи оғриганларга Пайғамбаримиз доимо асал, хурмо ейишни тавсия этардилар. Бундан ташқари, замбуруғ сувини ишлатишни ҳам айтганлар, кейинчалик бунинг пенициллин экани аниқланди.

Расулуллоҳ иситмали касалликларда баданни совуқ сув билан намлатишни буюрардилар. Бу усулни ҳозир ҳам қўллаш мумкин.

Заҳарланиш ҳолатларида дарров ошқозонни бўшатиб, қайт қилардилар ва елкаларининг уч жойидан қон олдирардилар.

Сарвари Оламнинг (алайҳиссалом): “Агар инсонлар оз сув ичсалар, вужудларидаги сиҳат ва иштаҳани бир маромда ушлаган бўлар эдилар”, деган ҳадиси шарифларида ҳикмат катта.

Сил, йўталга чалинганларни ва балғам ташлаётганларни қир-адирга, чўпонлар ёнига жўнатиб, кўп сут ичишини тавсия этардилар. Ҳали микроб ва лабаратория кашф этилмаган жоҳилият даврида Расулуллоҳнинг бу касалликка аниқ ташхис қўйиб даволашлари диққатга сазовор. Ҳозир ҳам силни даволашда худди шунга ўхшаш усулдан фойдаланилади.

Қуръони каримнинг ҳеч бир ҳукми замонавий илмга зид келмаганидек, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) бу тавсиялари ҳам тиббиётнинг ўзгармас қонунлари каби яшаб, исбот топиб келаётгани сир эмас.

 

Холуқ Нурбоқий

,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: