Баҳоуддин Нақшбанд Муҳим

Марказий Осиёда XIV асрда пайдо бўлган йирик тасаввуфий тариқат – Нақшбандия тариқатининг асосчиси Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд 1318 йилда Бухоро ёнидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилади (сўнгра ҳазрат Нақшбанд шарофати билан бу қишлоқ “Қасри Орифон” деб атала бошлаган). Унинг айнан шу жойда туғилишини 1354 йилда вафот этган мутасаввиф олим Хожа Муҳаммад Бобои Самосий башорат қилган эди. Бу донишманд зот ёш Баҳоуддинни ўзига ўғил қилиб олади ва тарбиялайди. Вафотидан олдин уни шогирди Саййид Амир Кулолга топширади. Шу тарзда Баҳоуддин ўша даврдаги атоқли мутасаввиф Саййид Амир Кулол қарамоғида таълим олади.
Баҳоуддин Нақшбанд умр бўйи деҳқончилик қилган, қишлоғида унчалик катта бўлмаган ерига буғдой ва мош эккан. Уйида ҳеч қандай мол-дунё ва бойлик сақламаган. Хизматкори ҳам бўлмаган. Қишда қамишлар, ёзда эса бўйра устида ётган. Бутун умрини ўз хоҳиши билан фақирликда ўтказган. Қўл кучи билан кун кўришни ёқтирган, топганини етим-есирларга, бева-бечораларга инъом этган, ҳукмдорлардан ўзини йироқ тутган. Зотан, бу тариқат “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг эса ишда бўлсин” деган ғояни илгари суради.
Шунга кўра, нақшбандийлар савдо-сотиқ, деҳқончилик, ҳунармандчилик, бадиий адабиёт, мусиқа, илм-маърифат, хаттотлик, наққошлик, қурувчилик каби барча фойдали ва хайрли юмушлар билан шуғулланишга даъват этганлар. Ўз давридаги илм-маърифатнинг йирик намояндалари бўлмиш Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Маҳтумқули Фироғий сингари юзлаб тараққийпарвар, инсонпарвар шоир, мутафаккирлар нақшбандия йўлини танлаганлар.
Истиқлолдан кейин Бухородаги Нақшбанд номи билан боғлиқ бўлган ёдгорликлар қайтадан тикланиб, муҳташам зиёратгоҳга айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига асосан, 2018 йил сентябрь-октябрь ойларида Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
 

,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: