Аллоҳга энг севимли амал

Расулуллоҳ (с.а.в.) кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а.)дан сўрадилар: “Сенинг тонггача ибодатлар қилиб чиқишингни, кундузлари рўза тутишингни эшитдим, шу ростми?”

– Ҳа, эй Аллоҳнинг пайғамбари, шундай қиламан.

– Ундай қилма! Кечалари ибодат учун тур, дам олиш учун ухла ҳам. Баъзи кунлари рўза тут, баъзисида тутма. Чунки баданингнинг сенда ҳаққи бор, меҳмонларингнинг сенда ҳақлари бор, хотинингнинг сенда ҳаққи бор.

Расулуллоҳ (с.а.в.) шуларни айтгандан кейин:

– Рўзани қандай тутасан? – деб сўрадилар.

– Ҳар куни, – деди Абдуллоҳ.

– Қуръонни қандай ва қанча ўқийсан?

– Ҳар кеча ўқиб тугатаман.

– У ҳолда ҳар ойнинг уч кунида рўза тут, ойда бир марта Қуръонни хатм қил.

Бу билан Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари орзу қилган ўртача мусулмон ҳаётининг меъёрларини ўргатдилар. Бир мусулмоннинг энг мақбул ҳаёт низомида Қуръон ва рўзанинг ўрнини билдирган бўлдилар. Абдуллоҳга ёшликда ҳам, кексаликда ҳам оғир ботмасдан қилса бўладиган ибодат тарзи ва йўл-йўриқларини тавсия этдилар. Бундан илгарироқ: “Ибодатларнинг Аллоҳга энг севимлиси, оз бўлса-да, давомли бўлганидир”, деганларини ҳамма эшитган. Аслида, Абдуллоҳ билан бу хил ибодат орасида ўтиб бўлмас чўққи бор эди. Лекин у олган тавсияси зарарлими ё фойдалими – бир сония ҳам ўйлаб ўтирмади:

– Эй Аллоҳнинг расули, бундан ҳам кўпроғини адо этишга кучим етади, – деди.

– Унда ҳафтада уч кун рўза тут.

– Бундан ҳам кўпроқ қила оламан.

– Ундай бўлса, икки кун оғзинг очиқ бўлсин, бир кун рўза тут.

– Янаям кўпроқ қила оламан.

– Унда рўзаларнинг энг фазилатлисини тут. Бу рўза пайғамбар Довуд (а.с.)нинг рўзасидир. Бунда бир кун рўза тутасан, бир кун оғзинг очиқ бўлади.

Рўза масаласи шу тариқа ҳал бўлди. Энди навбат Қуръонни хатм қилиш масаласига келди.

– Ҳафтада бир марта хатм қил, – дедилар.

Абдуллоҳнинг булардан ошириб қилган илтимослари фойда бермади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳафтадан илгари қилинган хатмда яхшилик йўқлигини билдириш билан масалани узил-кесил ёпдилар.

Абдуллоҳ уйига қайтди. Расулуллоҳнинг (с.а.в.): “Бундан ҳам кўп ибодат қилишга ғайрат кўрсат”, дейиш ўрнига, ойда уч кун рўза тутишни тавсия этишлари ажабланарли эди…

Орадан йиллар ўтади. Анчагина қариб қолган Абдуллоҳ ёшликдаги ғайрат билан устига юклаб олган оғир вазифа остида эзиларкан: “Кошки Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг илк тавсияларига риоя қилганимда эди”, дейишга мажбур бўлади.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: