Хотира – муқаддас бурч

Муқаддас Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни ибодатга чорлаб, солиҳ амаллар қилишга буюрар экан, ўз навбатида ана шу амалларимиз савобидан ўтганлар руҳига ҳадя қилиш ҳам мумкин эканини таълим беради. Зеро, дунёдан кўз юмган мусулмонларни хотирлаб, уларнинг ҳаққига дуои истиғфор айтиш тирикларнинг бурчидир. Қуръони Каримда: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”» (Ҳашр, 10), деб марҳамат қилинади.

Ушбу оят оламдан ўтган кишиларни хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканига далолатдир.

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига биноан киши чин ихлос ва имон-эътиқод билан қилган амаллари савобини вафот этганлар руҳига ҳадя қилиши жоиз. Бу билан, иншааллоҳ, марҳумлар руҳи шод бўлади. Зеро, тирикларнинг марҳумларга нисбатан қиладиган яхшиликлари мана шулардан иборатдир. Ривоят қилинишича, бир йигит Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига келиб, онаси оламдан ўтганини айтди ва: “Нима қилсам, онамнинг руҳини шод этган бўламан?” деб сўради. Шунда Пайғамбаримиз (а.с.) унга: “Қудуқ қазиб, сув чиқар”, дедилар. Шундан сўнг йигит қудуқ кавлаб, сув чиқарди ва: “Бунинг савобини онамга ҳадя қилдим”, деди (Имом Ҳоким ривояти).

Вафот этганлар руҳини шод этишга тарғиб қилинишидан мақсад бир томондан марҳумларни йўқлаб, уларга манфаат етказиш бўлса, иккинчи томондан тириклар учун тарбиявий аҳамиятга эга эканидир. Набий (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Амалларингиз қабрда ётган қариндошларингиз руҳига кўрсатиб турилади. Агар яхши амал қилиб юрган бўлсангиз, хурсанд бўлиб, руҳдошлари олдида фахрланадилар. Бордию гуноҳ ишлар қилиб юрган бўлсангиз, ранжийдилар ва: “Эй Аллоҳим, бизларни ҳидоятга бошлаганингдек фарзандларимизни ҳам тўғри йўлга солмагунингча уларнинг жонини олмагин”, деб дуо қилиб турадилар”.

Биз тириклар ўтганларимизнинг руҳониятларини шод қилишимиз учун биринчи ўринда юриш-туришимизни тўғрилашимиз, яъни Ислом дини таълимотига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз зарур. Шу билан бирга, хотира тушунчасини келажак авлодга ҳам англатишимиз керак. Ҳар бир инсон эртами-кечми бу дунёни ташлаб кетади. Оқибатда ортида қолганлар уни хотирлаб, савоб бахш этишларига умид боғлаб туради.

Жума мавъизалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: