Ризқ Аллоҳдандир

Ризқ ва ажал гўё эгизакларга ўхшайди. Ризқ она қорнидан бошланади ва Аллоҳ таоло белгилаган ажал вақти келгунича давом этади. Ризқ давом этадиган муддатгача эса ҳеч кимнинг ажали етмайди.

Раббимиз ҳар махлуқотга маълум вақт яшаш имкони беради. “Умр” дейилган бу фурсат давомида уларни ризқ билан таъминлайди. Бу ҳақиқат ояти каримада бундай билдирилади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур…” (Ҳуд, 6).

Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам Аллоҳ таолога чин таваккул қилган банданинг ризқ борасида илоҳий ёрдамга ноил бўлиши ифодасидир: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди, албатта, сизлар ҳам эрталаб оч учиб чиқиб, оқшомда қорни тўқ бўлиб қайтадиган қуш мисоли ризқлантирилар эдингиз” (Имом Термизий).

Демак, биз қилишимиз керак бўлган иш – худди ризқ топиш учун чиққан қушлардек таваккул ва таслимият билан, ўринсиз қўрқувга тушмай насибамизни қидириш ва ҳаракатдан тўхтамаслик.

Ризқ хусусида одамни қўрқувга бошлайдиган маънавий ожизликлардан бири қаноатни билмаслик ва исрофдан ти-йилмасликдир. Кўпчилик яшаш учун керакли шароити бўлгани ҳолда, моддий жиҳатдан бойроқ хонадонларни кўриб, ғам чекади, ўзини камситилгандек ҳис қилади. Ваҳоланки, бу борада биздан ҳам танг ҳолда яшайдиганларга қараб, аҳволимизга шукрона айтиш меъёримиз бўлмоғи зарур. Агар шундай қила олсак, қўлимиздаги неъматлар яна ҳам зиёда этилиши илоҳий ваъдадир: “… Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброҳим, 7).

Аллоҳ таоло барча махлуқотлар ризқи зиммасида экани хабарини беради. Яратганга эътимод қилмай, ўринсиз ва беҳуда қайғуларга енгилиб, одамлардан тиланиш, ёрдам кутиш кишини хорликка бошлайди. Валий зотлардан бири айтганидек: “Ризқни Холиқдан билмай, махлуқидан кутиш бандани Аллоҳдан узоқлаштиради, халққа муҳтож этади”.

Ояти карималарда айтилади: “… Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур” (Талоқ, 2–3); “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ, 39).

Агар бир банда чиройли хулқ ва тақво билан зийнатланса, Аллоҳ розилигини истаб, илоҳий амрларга бўйсунса, солиҳлар қаторида бўлади. Шу тарзда исрофдан сақланади, ҳирсу ҳавас, нафсга қарамликдан қутулади. Ўзига тақдир қилинган ризқнинг барокатланишига эришади.

Хулоса шуки, банда ўзига буюрилганини ихлос билан адо этиб, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилса, Рабби унга кифоя қилади.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: