Рибо гуноҳи кабирадир

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло берган умри давомида банда ўз бошидан турли хил ишларни ўтказади. Гоҳида хурсандчилик, фаровонлик бўлса, баъзан ташвишли, қийинчилик, муҳтожлик онларини бошидан кечиради.

Маълумки, муҳтож одамга хоҳ моддий, хоҳ маънавий кўмак бериш ҳақиқий инсоний, балки исломий фазилатлардан биридир. Бироқ моддий жиҳатдан ёрдам бериш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Аслида мана шундай ҳолатларда ёрдам қўлини биродари учун чўзиш Ислом таълимотларига мувофиқдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, Аллоҳ таоло мўмин бандасига ёрдам беради, модомики ўша мўмин биродарининг кўмагида бўлса”.

Афсуски, ҳозирги давримизда рибо (судхўрлик) йўли билан қарз бериш авж олмоқда. Бу эса гуноҳи кабиралардан саналади. Агар инсон шу йўл билан молимга мол қўшилиб туради деб ҳисобласа, қаттиқ янглишади. Гуноҳи кабира қилиш эвазига бу дунё-ю у дунё барака топмайди, балки надоматда қолади.

Бу хусусда нозил бўлган ояти карималарда, жумладан, шундай дейилади:

“Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама ила еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангизлар” (Оли-Имрон, 130).

“Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) қўпадилар. Бунинг сабаби уларнинг: “Байъ (савдо-сотиқ) ҳам судхўрликнинг худди ўзи” деган гапларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган. Бас, ким Раббидан насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввалги ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (ҳавола). Ким яна (судхўрликка) қайтса, ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда абадий қолувчилардир. Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда этади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб билувчи) кофирни ва (уни давом эттирувчи) гуноҳкорни ёқтирмайди” (Бақара, 275-276).

“Эй, имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (чинакам) мўмин бўлсангиз, судхўрлик сарқитидан воз кечингизлар! Мабодо (бу буйруққа итоат) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан (сизларга қарши бўлажак) урушни (азобни) эшитингиз! Агар тавба қилсангиз, дастмояларингиз ўзингизга. Зулм ҳам қилмайсизлар, зулм қилинмайсизлар ҳам. Агар (қарздор) қийналса, бойигунча кутиш лозим. Агар билсангиз (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир” (Бақара, 278-280).

Имом Термизий ривоятига кўра судхўрликка гувоҳ бўлган, яъни, фалончи фалончидан шунча қарз олди, фалон муддатга устига шунча қўшиб қайтариши лозим деб ёзиб, ҳужжатлаштириб берган кишини ҳам Аллоҳ лаънатлайди.

“Жума мавъизалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: