Оламларга раҳмат зот

Аллоҳ таоло бир нечта хусусиятлар бериш билан Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни бошқа пайғамбарлардан афзал қилди. Биринчи хусусиятлари ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: (Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё, 107).

Асарларда келтирилишича, Пайғамбаримиз (а.с.) имон келтирган ва солиҳ амал қилган кишиларнинг икки дунё саодатига эришиши учун раҳмат бўлсалар, мушрик ва кофирларнинг қилмишлари туфайли бу дунёда оммавий балолар келмаслиги учун раҳматдирлар.

У зот (с.а.в.)нинг иккинчи хусусиятлари барчага баробар пайғамбар эканларидир (Аъроф, 158).

Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага пайғамбар қилиб юборилганман” (Муттафақун алайҳ). Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло у зотни нафақат бутун инсониятга, балки жинлар оламига ҳам пайғамбар қилиб юборди. Ўз навбатида, Расулуллоҳ (с.а.в.) келтирган шариат аввалги барча шариатларни амалдан қолдирди.

Пайғамбарлар хотимаси эканликлари ҳам Муҳаммад (с.а.в.) хусусиятларидан биридир (Аҳзоб, 40).

Ҳар бир муҳим ҳужжат сўнгига муҳр босилганидек, Аллоҳ таоло Муҳаммад (с.а.в.)ни юбориш билан пайғамбарлар силсиласига ҳам хотима ясади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мендан сўнг бошқа пайғамбар келмайди”, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюради: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!” (Аҳзоб, 56) оятининг ҳукмига биноан мўмин-мусулмонларнинг Муҳаммад (с.а.в.)га салавот ва салом айтишлари вожиб бўлиб, ҳар қачон у зотнинг исмлари ёки бирор сифатларини зикр қилган киши ҳам, уни эшитган ҳам салавот айтиши шартдир.

Сарвари коинот (с.а.в.)нинг булардан бошқа кўплаб хусусият ва фазилатлари ҳам мавжудки, буларнинг барчаси у зотнинг даражалари улуғлигидан далолатдир. Ўз навбатида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (а.с.)нинг умматларини ҳам энг яхши уммат деб баҳолаган. Шундай экан, барчамизга Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хулқ-одобларидан ўрнак олиб, у зотга муносиб уммат бўлиб яшашни насиб қилсин.

“Жума мавъизалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: