Ислом зоҳирий ва ботиний поклик демакдир

Табиатни муҳофаза қилиш бутун ер юзидаги кишилар сингари биз мусулмонларни ҳам ташвишга солади. Чунончи, ҳозирги кунда табиатни муҳофаза қилиш масаласи бизнинг мураккаб, ўзаро боғлиқ ва таъсирчан дунёмиздаги умуминсоний муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Қуйида келтирилган оят ва ҳадислар, аввало, инсонни ўзини, қалбини, қолаверса, атроф-муҳитни пок тутишга ундайди.

Қуръони каримдаги дастлабки нозил бўлган оятларнинг мазмунига қаранг: “…либосларингизни покланг” (Муддассир, 4). Бу ояти каримага муфассир уламолар турлича тафсир ёзганлар, масалан: “кийимларингизни покланг” деган маънода жисмоний покланиш назарда тутилган бўлса, бошқа тафсирларда Расулуллоҳ (с.а.в.)га жоҳилият давридаги ҳар хил тушунчалардан “қалбингизни покланг”, дейилган деб талқин қилинган. Муҳими шуки, исломнинг энг аввалги чақириқлари поклик ва озодаликка тарғиб қилувчи оятлар билан бошланади.

Қуйида келтирилган ҳадиси шарифлар ҳам бу сўзларимизга ёрқин далилдир:

“Озодалик имондандир”;

“Кийимларингизни чиройли қилинглар. От-уловларингизни яроқли тутинглар! Одамларга юздаги холдек намуна бўлинглар”;

“Албатта, дунё ям-яшил, гўзалдир. Аллоҳ таоло сизларни қўл остингизга шу неъматларни ато этиб, сўнг сизларнинг қандай ишлар қилишингизни кузатиб турувчидир”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ато этган бу табиат, боғлар, тоғлар, тошлар, анҳор ва кўллар жуда гўзал. Бизлар эса улар устидан масъулдирмиз.

“Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Сахийдир, саховатни хуш кўради. Ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаманглар”;

“Ювинганингизда қўл ва оёқ бармоқларингизнинг ораларига яхшилаб сув юритинг. Чунки у озодалик белгисидир. Озодалик имонга чақиради, имон эса ўз эгасини жаннатга чорлайди”.

Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳам қалбимиз, ҳам баданимиз, ҳам атрофимизни тоза-покиза тутиш, хайрли амаллар қилиш билан Ўз ризолигига эришиш саодатини насиб этсин!

“Жума мавъизалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: