Икки олам сарвари

Аллоҳ таоло Ўзининг динини инсониятга етказиш учун улар орасидан пайғамбарлар танлаб олган. Ҳадисларда баён қилинишича, пайғамбарларнинг умумий сони 124 минг бўлиб, уларнинг силсиласи Одам (а.с.) билан бошланиб, охири Муҳаммад (с.а.в.) билан ниҳояланган. Расулуллоҳ (с.а.в.) тартиб бўйича гарчи сўнгги пайғамбар бўлсалар-да, у кишининг охирзамон пайғамбари этиб юборилишлари инсоният яратилмасидан олдин тақдирда белгилаб қўйилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари шундай марҳамат қилганлар: "Аллоҳ таоло мени пайғамбар қилиб танлаганида Одам (а.с.)нинг лойлари ҳали қорилмаган эди" (Аҳмад ривояти).

Муҳаммад (с.а.в.) туғилганларида оталари (Абдуллоҳ) вафот этган бўлиб, олти ёшга етганларида оналаридан ҳам ажраладилар ва боболари Абдулмутталлибнинг қарамоғида қоладилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг етимликда вояга етишларида катта ҳикмат бор, албатта. Ўзлари етимлик ва ғарибликни бошларидан кечирганлари учун ҳам бундайларга нисбатан меҳрибон бўлиб вояга етадилар. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам зикр қилинган: «(Эй Муҳаммад, Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (Ҳақ йўлига) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг!» (Зуҳо, 6-10).

Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этади. Вафотидан олдин набирасини фарзандлари орасидан унга энг меҳрибон бўлган Абу Толибга топширади. Ҳақиқатан ҳам Абу Толиб Муҳаммад (с.а.в.)ни ўзининг фарзандларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, қаерга борса ўзи билан олиб юрар эди.

Аллоҳнинг инояти ила у зот қаерга борсалар, ўша ерга барака ёғилар эди. Ҳалима ас-Саъдийянинг ва амакилари Абу Толибнинг уйида мислсиз барака пайдо бўлганлиги ҳақида тарих китобларида баён қилинган.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг келажакда пайғамбар бўлашиларига ёшлик вақтлариданоқ турли ишорат ва белгилар зоҳир бўла бошлаган эди. Масалан, таваллуд топган онларида бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлганлиги тарих китобларида зикр қилинган. Жумладан, у зот туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборган. Форс диёридаги мажусийлар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юзтубан қулаб тушган. Ҳалима ас-Саъдийянинг уйида яшаган тўрт ёшлик вақтларида "шаққи садр" воқеаси содир бўлади – икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, шайтоннинг насибасини олиб ташлайди. Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб борганлиги, Бусро деган жойга етганларида насроний дини вакили роҳиб Буҳайронинг Муҳаммад (с.а.в.) охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилиши шулар жумласидандир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ўша даврда авж олган ғайриинсоний ишлардан нафратланар, уларнинг бирортасига ҳам яқин йўламас эдилар. Ҳалоллик, мазлум ва муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, ҳалимлик ва камтарлик у зотнинг кўзга кўринган сифатлари эди. Шу зайлда Аллоҳ таоло Муҳаммад (с.а.в.)ни араблар орасида энг ростгўй ва адолатли инсон сифатида тарбиялаб, қирқ ёшга етганларида Ўзининг рисолатини инъом қилди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ёшлик вақтлариданоқ гўзал ахлоқ-одобга эга бўлиб вояга етдилар. У зот пайғамбар бўлганларидан сўнг Аллоҳ таоло томонидан "Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!" (Қалам, 4) деган баҳони олган бўлсалар-да, ундан олдин одамлар орасида Муҳаммад Амин (ишончли) деган номга сазовор бўлган эдилар. Бу эса Аллоҳ таоло яқин келажакда инсониятга гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборадиган пайғамбарини тарбиялаб бораётганлигидан далолат эди.

Омонатдорлик, ҳалоллик сифатлари учун ҳам Қурайшнинг зодагон аёлларидан Хадича бинти Ҳувайлид Муҳаммад (с.а.в.)ни тижоратда шерикчилик қилишга таклиф этади ва ўзгача илоҳий хислатга эга эканликларини англагач, у кишига турмушга чиқиш ихтиёри борлигини изҳор қилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу масалада амакилари Абу Толиб билан маслаҳатлашиб кўргач, Хадича (р.а.)га уйланадилар ва ундан уч ўғил, тўрт қиз фарзанд кўрадилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Расулуллоҳ (с.а.в.)га чин уммат бўлиб, у зотнинг гўзал ахлоқларидан ўрнак олиб яшашни насиб қилсин!

"Жума мавъизалари"дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: