Ҳаж ибодати

Каъбаи муаззамани белгиланган вақтда, махсус тартибда зиё­рат қилиш ҳаж, у ерга махсус тайёргарлик билан кириш «эҳром» дейилади. Яъни, ташқаридаги баъзи ҳалол нарсалар, бу ҳудудга кириш билан ҳаромга айланади. Ҳаж – молиявий ва жисмоний ибодат; киши ўз фарзандлари, молу дунёси, касбу кори, уй-жойини маълум муддатга тарк этиб, бутун оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳ ҳузурида меҳмон бўлиш учун қилинадиган сафардир. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳаж ва умра қилгувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир, агар Унга дуо қилишса, қабул қилади, истиғфор айтишса, гуноҳларини мағфират этади», деганлар.

Муборак ҳаж ибодати ва унда бажариладиган амаллар фазилати ҳақида жуда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан: «Ким ҳаж давомида бирор ёмонлик ва гуноҳ ишдан ўзини сақласа, онадан янги туғилгандек (гуноҳлардан пок ҳолда) қайтади»;

«Ким Байтуллоҳни етти марта тавоф қилиб: «Субҳаналлоҳ, валҳамдулиллаҳ, ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» деса, унинг ўнта гуноҳи ўчирилиб, ўрнига ўнта савоб ёзилади ҳамда даражаси ўн поғона кўтарилади. Ким тавоф қилаётган ҳолатида ана шу калималарни айтса, худди оёқлари билан сув кечаётган кишидек, оёқлари билан илоҳий раҳматга шўнғийди».

Жобир (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Арафа куни бўлганида Аллоҳ таоло ҳожилар билан фаришталарга мақтаниб: «Мана бу бандаларимга қаранглар. Улар Менинг ҳузуримга узоқ манзиллардан сочлари тўзиган, чангга беланган, қуёш нурида куйган ҳолларида келишди. Мен сизларнинг гувоҳлигингизда уларнинг гуноҳларини кечирдим», дейди. Шунда фаришталар: «Парвардигоро! Фалончи кўп гуноҳ қилганликда айбланарди. Фалон киши ҳам, фалон аёл ҳам», деб айтишади. Шунда Аллоҳ таоло: «Уларнинг ҳам гуноҳларини кечирдим», деб айтади».

Гуноҳлардан фориғ бўлиб қайтган ҳожилардан дуо сўраш суннат амаллардан. Чунки гуноҳи кечирилган кишининг дуоси қабул бўлади ва дуо сўраган кишининг гуноҳлари ҳам мағфират қилинади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Ҳаж қилган кишига йўлиқиб қолсанг, унга салом бериб, қўлини олиб кўришгин. Сўнгра уйига киришидан олдин сенинг ҳақингга истиғфор айтиб дуо қилишини сўрагин. Чунки унинг гуноҳлари кечирилгандир».

Ҳаж ибодатини мукаммал адо этган киши юртига нафақат гуноҳлардан фориғ бўлиб, балки кўплаб савобларга ҳам эришиб қайтади. Чунки ибодатни адо қилиши асносида ҳожилар икки Ҳаром – Макка ва Мадина шаҳарларида бўлишади, Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавийда намоз ўқишади, улуғ жойларни зиёрат қилишади. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Менинг ушбу масжидимда ўқилган битта намоз ундан бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан яхши, фақат Масжидул Ҳаром бундан мустасно», деганлар. Яна бундай марҳамат қилганлар: «Кимки ҳаж қилиб, сўнгра менинг вафотимдан кейин қабримни зиёрат қилса, мени худди тириклигимда зиёрат қилгандек бўлади».

Аллоҳ таоло муборак сафарга кетган ва кетиш арафасида юрган ҳожиларимизни соғу саломатликда ибодатларини адо этиб, гуноҳлардан покланиб келишларини насиб қилсин. Муқаддас жойларда ўзлари, фарзандлари, сизу биз ватандошлари ҳақларига қилган дуоларини қабул этсин. Уларнинг дуолари шарофати ила юртимизнинг тинч ва осойишталигини бардавом айласин.

«Жума мавъизалари»дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: