Фарзанд тарбияси ҳақида

Фарзанд Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғидир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…” (Каҳф, 46).

Фарзанд энг улуғ неъмат бўлиши баробарида омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар унинг қадрига етишлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб фарзанд, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан бажаришлари керак бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим, 66).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшироқдир” (Термизий ривояти).

Ислом таълимотида ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб улғайишига жиддий аҳамият берилган. Бунга Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар” (Байҳақий ривояти), деган кўрсатмалари чиройли далил бўлади.

Фарзандларни ёшлик чоғларидан илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш зарур. Зеро, илм-фаннинг қайси соҳаси бўлишидан қатъи назар, ўқиб-ўрганган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади, иншааллоҳу таоло.

Айниқса, таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга эътиборли бўлишимиз керак. Уларнинг ҳордиқ чиқариши, илм олиши, касб-ҳунар ўрганишига шароит яратиб берайлик. Фарзандларимизни кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлайлик.

Одатда оналар болаларининг хато ва камчиликларини ота­сидан яширишга ҳаракат қилади. Айтсам, уришади, боламга қаттиқ тегади деб, йўл қўйган хатолари, айбларини отасига ўз вақтида айтмайдилар. Натижада бола ўз вақтида танбеҳ олмаганидан бора-бора каттароқ жиноятларга ҳам қўрқмасдан қўл уравериши мумкин. Бу эса жуда оғир оқибатларга олиб келади. Демак, фарзандини кўзининг оқу қораси деб биладиган оналар ҳатто меҳр-ғамхўрликда ҳам меъёрни сақлай билишлари зарур.

 

Жума мавъизалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: