Деҳқончилик – ризқимиз манбаи

Аллоҳ таоло инсонни улуғ қилиб яратди ва у ҳаёт кечириши учун Ерда барча шароитларни муҳайё қилди: “Албатта, сизларни Ерда қарор топтирдик ва унда сизлар учун маиший воситаларни (пайдо) қилдик. (Лекин) жуда оз шукр қилурсизлар” (Аъроф, 10).

Аллоҳ таолониннг курраи заминни боғ-роғлар, гиёҳлару гуллар билан зийнатлаб қўйганлиги ҳам фақат инсон манфаати учундир. Ўз навбатида инсон ҳам ернинг гўзаллигини нафақат авайлаб-асраши, балки янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.

Ўсимликлар ва дарахтларнинг униб чиқиши, яшаши ва гуллаб, мева бериши Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Шунинг учун Қуръони каримнинг кўплаб оятларида одамлар экаётган зироатларига бир назар ташлаб қўйишга ва уни Ким ундираётгани ҳақида ўйлаб кўришга буюрилади: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисизлар ёки Биз ундирувчимизми?!” (Воқеа, 63-64).

Бошқа бир оятда эса: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан енгизлар. Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) беринглар ва исроф қилмангизлар. Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”, деб марҳамат қилади (Анъом, 141).

Ушбу оятларга суянган ҳолда айтиш мумкинки, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланиш шарафли вазифа. Бу соҳа кишиларига доимо Аллоҳ таоло мадад беради. Чунки улар ерга ниҳол ёки уруғ қадар эканлар, Аллоҳдан ҳосилнинг унумдор бўлишини сўрайдилар. Қўлларидан келган барча ишни бажариб, яна Аллоҳга таваккул қиладилар. Таваккулларининг самараси ўлароқ ҳосил кам бўлса баракали, кўп бўлса даромадли бўлади. Шуларни ҳис қилган киши қишлоқ хўжалик ишларига жиддий эътибор беради, унга муҳаббат, масъулият билан ёндошади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам деҳқончиликнинг фазилати борасида алоҳида тўхталиб ўтганлар. Жумладан, Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: “Мусулмон киши кўчат экса, кейин бирор қуш, инсон ёки ҳайвон ундан еса, бунинг учун эккан кишига садақа қилганнинг савоби ёзилади” (Имом Муслим ривояти).

Демак, кўчат ўтқазган ва экин эккан кишининг меҳнати ҳеч қачон зое кетмайди. Ундан еган барча жонзотлар орқали соҳибига садақа савоби ёзилиб туради.

Қуръони каримда барча мавжудотлар қатори набототлар ҳам Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиши ҳақида баён қилинган: “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот Унга тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечиримли зотдир” (Исро, 44).

Расулуллоҳ (с.а.в.) икки қабр устига хурмо дарахтининг шохини суқиб, унинг айтаётган тасбеҳи туфайли қабр аҳлининг азоби енгиллатилишидан хабар берганлар. Ана шу ҳадисга кўра, дарахтлар ва ўсимликларнинг тасбеҳлари уни эккан ёки парвариш қилган кишиларнинг номаи аъмолига ёзилиши ҳақида уламои киром ҳам айтиб ўтганлар.

Кези келганда қишлоқ жойларда оз бўлса-да учраб турадиган бир муаммо ҳақида сўз юритиш ўринли. Ҳали ўсиш жараёнида бўлган буғдойзорларда чорва ҳайвонларини боқишни баъзи кимсалар одат қилиб олганлар. Аллоҳ таоло экинларни пайҳон қилишни фисқу фасод ишлар жумласидан санаб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара, 205).

Аллоҳ таоло деҳқон ва боғбонларимизнинг ишларига барака берсин!

“Жума мавъизалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: