Аҳдга вафо – мўминликдан

Мусулмон киши сифатланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири вафодорликдир. Бошқалар билан бирор ишга аҳдлашган бўлса, аҳдига вафо қилиши ва ваъдасининг устидан чиқиши лозим бўлади. Аҳду паймон, ваъдалар ичида энг аҳамиятли ҳамда масъулиятлиси Аллоҳ ва банда ўртасидаги аҳдлашув бўлиб, бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Раббингиз Одам ўғилларининг беллари (пушти камарлари)дан зурриётлари (руҳлари)ни олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: “Мен Раббингиз эмасманми?” (деди). (Улар): “Йўғ-е! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик”, – дедилар…” (Аъроф, 172).

Халқ орасида “ал-Мийсоқ” деган машҳур ибора мана шундан қолган. Аҳдга вафо қилмаслик исломга ва мусулмончиликка таъна бўлиши билан бирга, кишининг бурди кетиб, халқ ўртасида обрўсизланишига сабаб бўлади. Аҳдга вафо қилмаслик омонатга хиёнат қилишнинг бир кўриниши бўлиб, киши ўзига разолат эшигини очади, деганидир. Оқибатда, гуноҳ ишдан сесканмайдиган одамга айланиб қолади. Аллоҳга, Пайғамбарга ва Унинг динига қилинган хиёнат энг оғир гуноҳдир. Қуръони каримда мўминлар бундай иш қилишдан қайтарилган: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол, 27).

Аллоҳга нисбатан хиёнат – Унга берилган аҳдга вафо қилмаслик, Пайғамбарга хиёнат у зот (с.а.в.)нинг суннатларига амал қилмасликдир. Мазкур оятда, шунингдек, мўминлар ўртасидаги ўзаро муомалаларда ҳам хиёнат қилишдан сақланиш лозимлиги таъкидланмоқда. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг душманлар билан бўлса-да, аҳдга вафодор бўлганлари тарихдан маълум.

Бир ҳадисда шундай дейилади: “Қайси бир одамда тўрт аломат топилса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда шу тўртта аломатдан бирортаси бўлиб уни тарк қилмагунича, унда мунофиқликнинг бир белгиси бўлади. У тўрт аломат: омонатга хиёнат қилади, гапирса ёлғон сўзлайди, бирор киши билан аҳдлашса, унга вафо қилмайди, биров билан ҳақ талашса, жанжал қилади” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “…Аҳдга вафо қилинглар! Зеро, аҳд (Қиёмат куни) сўраладиган ишдир” (Исро, 34).

Ислом таълимотида қасам, аҳд, гувоҳлик ва ворислик масалалари кишидан масъулият талаб қиладиган тушунчадир. Пул ўртага тушиб, кишилар орасида ёлғон қасам ичиш, ёлғон гувоҳлик бериш ёки аҳдга бевафолик қилиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Ваҳоланки, буларнинг барчаси жазосиз қолмайди. Охиратдан умидвор бўлган одам бу каби камчиликларни бартараф қилмоғи лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафоли бандалардан қилсин.

 

“Жума мавъизалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: