Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Қуръони каримда бундай дейилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло инсоннинг нақадар улуғ мавжудот эканига гувоҳлик беради.

Муҳаммад (с.а.в.) биз умматларига доимий равишда панду насиҳат ва ваъзу иршод қилишга буюрилганлар. Шунинг учун ҳам у зот  қиёматгача умматларини рушди ҳидоятга бошлаш, нафсу шайтон йўлларидан қайтариш мақсадида пайғамбарлик йилларининг охиригача Қуръону ҳадис таълимоти асосида фаолият олиб бордилар. Аллоҳ таоло: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур” (Зориёт, 55), деб марҳамат қилади. Бу ояти карима орқали Ҳақ таоло Пайғамбаримиз (а.с.)га барча умматларини ҳидоятга бошлашга кўрсатма бергани учун хурсанд бўлиб кетдилар. Бу нарса Сарвари олам (с.а.в.)нинг умматларига нақадар меҳрибонликлари, бирортасини ҳам гумроҳликда қолдирмасликка рағбатлари аломатларидандир.

Кейинги пайтларда айрим минтақаларда ўз жонига қасд қилиб, турли воситалар ёрдамида фожиали ўлим топаётган эркак ва аёллар, ҳатто навқирон ёшлар борлиги маълум бўлмоқда. Аллоҳ таоло ҳаётнинг ва ҳаёт неъматларининг қадрига етсин, бу дунёга бир марта келишини билсин, қийинчилик ва мусибатларни сабру матонат билан енгсин, деб инсонга ақл-идрок берди. Қуръони каримда: “...Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара, 153), деб марҳамат қилинади.

Расули акрам (с.а.в.) видолашув ҳажида мусулмонларга хитоб қилиб айтганлар: “Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг ва хоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло ҳаром қилди. Шу билан бирга бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло ҳаром қилди. Ушбу Арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам шунчалик ҳаромдир” (Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло бундай дейди: “...Ўз қўлларингиз билан ўзла­рингизни ҳалокатга ташламанг!” (Бақара, 195).

“Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (с.а.в.)  айтдилар: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у шахс темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади”.

Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Аллоҳ таоло (ҳадиси қудсийда) огоҳлантиради: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим»  (Бухорий ривояти).

Мазкур оят ва ҳадислардан биламизки, Аллоҳнинг тақдирига имон келтирган ҳолда турмушда учрайдиган синовларга бардош бериш, ҳаёт неъматини зое қилмаслик даркор. Ҳар бир етган азият ва мусибатга яраша Аллоҳ таоло гуноҳларимизни каффорат ила кечириб, сабримиз эвазига ажру савоблар ато этишини унутмайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизга инсонийлик сифатига муносиб яшашни насиб этсин! Омин!

«Жума мавъизалари»дан

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 15 декабрда эълон қилинган  615 марта кўрилган