Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Сизлардан қай бирингиз мол-дунё ва фарзандлар берилган, бадавлат одамга назар солмоқчи бўлса, ўзидан кўра фақирроқ инсонга ҳам ибрат кўзи билан боқсин!» (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳаётда одамларнинг дунёвий насибаси турлича: Аллоҳ таоло бир бандасига хоҳласа, мол-дунё ато этади, бошқасига эса ҳеч нарса бермайди. Бу Унинг Ўзига хосдир. Ояти каримада айтилади: (Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг раҳматини (пайғамбарликни) улар тақсимлайдиларми?! Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз ва бир-бирларини бўйин сундириш (ишлатиш)лари учун баъзиларини баъзиларидан даражаларини кўтариб қўйганмиз...” (Зухруф, 32).

Инсон табиати мол-мулк, гўзаллик ва ҳаёт роҳатларига мойил. Бироқ ҳамма ҳам истаган нарсаларига эришолмайди. Аксарият кишилар ўзларига нисбатан фазилатли ва бой-бадавлат одамларга алам билан қарайди. Давлатмандлардан молу мулк кетиб, ҳамма баробар фақир бўлишини истайди. Бу ҳасад ҳисобланади ва унинг эгаси ғам-андуҳ ичида, нотинч, асабий ҳолатда умр кечиради.

Ваҳоланки, оқил одам ўзидан кўра бой, соғ, чиройлиларни кўрганида, бу неъматлар борасида ундан ҳам камроғига эга кишилар борлигини унутмайди. Шунда руҳан хотиржам бўлиб, бор нарсасига қаноат ҳосил қилади ва бу неъматлар учун Аллоҳ таолога шукрона айтади. Ўз ўрнида, шукр қилиш неъматлар зиёдалигига сабаб бўлади. Аксинча бўлса, бу эртами-кеч Аллоҳнинг ғазаби ва интиқомига олиб келади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эсланг: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим, 7).

Аллоҳ таолонинг қадарига ишониш ва берган неъматига рози бўлиш билан инсон ҳаёти гўзал ва барқарор, дунё ғам-ташвишларига сабр қилиши осонлашади.

Шу билан бир қаторда, динимиз барчамизни кундалик фаолиятда ҳам холис ният билан ишлаш, одамларга яхшилик қилиш ва эзгуликка чорлашга, дунё насибаларидан баҳраманд бўлишга чақиради. Мазкур хусус ояти каримада бундай баён қилинади: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил!” (Қасас, 77).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Дунё ширин ва гўзал, ким ундан меъёрида фойдаланса, Аллоҳ таоло уни баракотли қилади” (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло қалбларимизни имон нури билан мунаввар айлаб, маънавий ва моддий даражаларимиз юксалиши йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни самарали қилсин, дунё ва охират яхшиликларига сазовор бўлишимизда мадад берсин!

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 2 ноябрда эълон қилинган  195 марта кўрилган