Барчамизга яхши маълум, Аллоҳ таолонинг ҳукмлари боқий, шариати енгил ва осон, тавсиялари эса улуғ ва азиздир.

Ислом уммати ўртача йўл тутган умматдир. Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир.

Ислом ҳамма инсонларни бахтли яшашга, муомалаларда одоб-ахлоқли бўлишга тарғиб қилади. Инсонларни ҳақ сўзни айтишга, ростгўйликка, адолат тарозусига риоя этишга, интизомсизлик, лоқайдлик ва жаҳолатга қарши туришга чорлайди.

Ҳадиси шарифда келади: “Бир банда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни айтиб, натижасини ўйламай юраверади, аммо Аллоҳ таоло Ўзи билиб, унинг мартабасини улуғ қилади. Яна бир банда Аллоҳ таолони норози қиладиган бир сўзни айтиб, оқибатини ўйламай юраверади, бироқ Аллоҳ таоло буни ҳам Ўзи билиб жаҳаннам қаърига ташлайди” (Бухорий ривояти).

Мулоҳазали мусулмон ҳар доим илоҳий назоратни ҳис этади ва сўзларини ақл ва нақл мезонига солиб ўлчаганидан сўнггина айтади. Пайғамбаримиз (а.с.)нинг: “Ким Аллоҳ ва қиёмат кунига имон келтирган бўлса, хайрли ва фойдали сўзни айтсин ёки сукут сақласин”, деган тавсияларини эсида тутади. Дўзах оташидан қўрқади ва Аллоҳ ғазабидан ўзини эҳтиёт қилади. Жаҳаннамга бошлаши мумкин бўлган барча амаллардан четда юради.

Тил тойилиши каби, унинг хато қилиши ҳам учраб туради. Суяксиз тил ҳатто эгасини ўлимгача олиб боради. Оғиздан чиққан бир ёмон калима туфайли инсон дўзах сари йўлланиши, Аллоҳ даргоҳидан қувилган шайтону иблислар оламига мансуб бўлиши мумкин. Аксинча, бир оғиз яхши сўз соҳибининг жаннатда пайғамбару авлиёлар, солиҳлару сиддиқлар билан бир даражага эришишига, Аллоҳ ризосини топишига сабаб бўлади.

Пайғамбар (а.с.) марҳамат қиладилар: “Яримта хурмони эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзах оташидан сақланинг! Ким бунга ҳам қодир бўлмаса, чиройли сўз айтсин!” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир оғиз чиройли сўз айтиш билан инсон қалбига хурсандчилик киради. Агар бунинг акси бўлса, Худо кўрсатмасин, ёмон сўз эгаси Аллоҳ ғазабига дучор бўлиб, ноумидлар сафидан жой олади.

Аллоҳ таоло яхши ва ёмон сўз ҳақида хабар бериб бундай дейди: (Эй инсон!) Аллоҳ пок сўзга (яъни имон калимасига) қандай мисол келтирганини кўрмадингми?! (У сўз) худди бир яхши дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) ўрнашган, шохи эса осмондадир. Парвардигорининг изни билан (у) мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма олишлари учун мана шундай мисолларни келтирур. Ёмон сўзнинг (яъни куфр сўзининг) мисоли эса ер юзасидан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда қарори йўқ нопок дарахтга ўхшар” (Иброҳим, 24–26).

Ҳақ таоло барчамизга ҳақ ва чиройли сўзни айтадиган, ёмон гаплардан тийиладиган солиҳ бандалардан бўлишни насиб айласин!

“Жума мавъизалари”дан

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 13 октябрда эълон қилинган  252 марта кўрилган