Динимиз таълимотида руҳий-маънавий ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидаги тартиб-низом, қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш, ман этилган ҳар қандай ишдан узоқ бўлиш зарурлиги алоҳида таъкидланади. Зеро, умумий тартиб-интизом ҳаёт сири ва борлиқ асоси бўлиб, Аллоҳ таоло еру осмонларни қатъий низом асосида яратган. Барча сайёра ва юлдузлар шу низомга кўра ҳаракат қилади, кеча-кундуз ўзаро алмашади, ой-кунлар бирин-кетин келади: “Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли зот)нинг ўлчовидир. Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз. На Қуёш Ойга етиши мумкин ва на тун кундан ўзувчидир. (Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузиб юрадилар” (Ёсин, 38–40).
Барча самовий динлар инсониятни қадрлайди, одамларга яхшиликни раво кўради, уларни ҳаётдаги турли зарарлардан ҳимоялайди ва бунинг учун жамиятдаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя этилишини назорат қилади. Бу тартиб-интизом Аллоҳ таоло инсонга берган ҳуррият асосида қоим бўлиб, унга катта масъулият ва вазифа юклайди. Одамларни бахтиёр бўлиш ва жамиятга манфаат келтириш йўлида тинмай саъй-ҳаракат қилишга ундайди. Ўзи ва бошқаларга зарар етказмаслик учун зарур қонунлар асосида барча тадбир ва чораларни кўришга чақиради.
Маълумки, ҳозир жаҳондаги барча давлатларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳодисалар олдини олишга қаратилган қонун-қоидаларни мукаммаллаштириш ва уларга жиддий риоя этиш энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Республикамизда ҳам аҳоли ўртасида, айниқса, мактаб ўқувчилари ўртасида йўл ҳаракати ойликлари доирасида катта тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Зеро, давлатимиз ҳар бир фуқаронинг омонлиги, тинчлик-осойишталиги ҳамда хавфсизлигига устувор ва муҳим ижтимоий вазифаларидан бири сифатида қараб, мунтазам равишда бу соҳага эътибор қаратиб келади.
Ислом таълимотининг ҳам йўл ҳаракатига доир мустаҳкам низом ва ҳакимона йўл-йўриқлари, тавсиялари мавжуд бўлиб, булар жамиятдаги ҳар бир кишига, барча масъул ташкилот ва ҳайъатларга баравар тегишлидир.
Бу ишга масъул бўлган мутасаддилар йўл ҳаракати қоидаларини жорий этишади, йўл ва кўприкларни ислоҳ этиб, таъмирлашади, кўча-йўлларни чароғон қилишади, йўл ҳаракатига тегишли зарур белги ва йўлчироқларни ўрнатишади. Айни пайтда улар кенг жамоатчилик ёрдамида йўл қоидаларини бузувчиларга қарши қатъий чоралар кўрадилар. Бунда биринчи навбатда барча фуқароларнинг манфаати бор.
Аллоҳ таоло айтади: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг!..” (Бақара, 195). Демак, автоуловни бошқарганда ҳаддан ошиб тезлашмаслик ва ўринсиз секинлашмаслик зарур. Ҳар икки ҳолатда ҳам хавф мавжуд. Пайғамбаримиз (с.а.в.) инсонга моддий ва маънавий зарар берадиган тезликдан, ҳатто у катта савоб бўладиган ибодат соҳасида бўлса ҳам, қайтарганлар: “Эй одамлар, таскин ва хотиржамликни лозим тутинглар. Чунки яхшилик шошқалоқлик билан амалга ошмайди” (Бухорий ривояти).
Шуни яхши англаш зарурки, мусулмон киши тили ва қўли ё хатти-ҳаракати билан бошқага азият бермайди. Одамларга меҳрибонлик қилиш, кичикларга, заифларга ва ёши улуғларга ғамхўрлик кўрсатиш имон белгиларидан ҳисобланади. Зеро, банда биродарига ёрдам қўлини чўзса, Аллоҳ унга раҳматини нозил қилади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир” (Термизий ривояти).
Ҳар бир соҳада тартиб-интизомга риоя этсак, албатта, тез фурсат ичида уни амалий суратда ҳаётга татбиқ этиш кўникмасини ҳосил қиламиз. Ҳар бир нарсанинг чегарасини белгилаб олсак, ишларимиз баракали бўлади, вақтимиз бекорга кетмайди. Шунда тиқилинч ва шошилишга ҳеч бир эҳтиёж қолмайди. Яна яхши билишимиз лозимки, ҳар қандай ҳолатда одоб билан кечирим сўраш ва узрни қабул қилиш кўп хатоларни ислоҳ этади. Шунда аксар муаммолар ечилади ва кўнгилсиз оқибатлар барҳам топади.
Аллоҳ таоло ўрталаримизда ҳурмат-эҳтиром ришталарини мустаҳкамласин ҳамда бир-биримизга ёрдам кўрсатиш, тинчлик-омонликда ҳаёт кечиришимизда Ўзи мададкор бўлсин. Ҳақ таоло барчаларимизга саломатлик ато айлаб, тўғри йўлга бошласин!
 
“Жума мавъизалари”дан
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 21 сентябрда эълон қилинган  181 марта кўрилган