Исломда садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқ. Чунки садақа, эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтожларга улашилаверади. Аммо қарз фақат муҳтож кишиларгагина берилади. 
Пайғамбаримиз (с.а.в.)  марҳамат қиладилар: «Жаннатга кирдим ва унинг эшигида: “Садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади)”, деган ёзувни кўрдим. Шунда: “Эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади?” деб сўрадим. У айтдики: “Садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга муҳтож бўлганнинг қўлига тушади» (Табароний ривояти).
Қарз олди-берди муомаласи ҳар икки тарафга ҳам ўзининг талаб ва масъулиятларини юклайди: “Эй имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйинг!” (Бақара, 282). Демак, ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун қарзни гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ экан.
Қарзни фақат унга муҳтож бўлганда олиш, сўнгра ўз вақтида қайтариш шарт.  Бировга ҳасад қилиб, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш улкан гуноҳ саналади. Узишга етадиган моли бўлатуриб уни эгасига бермай юриш зулмдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) огоҳлантирадилар: “Ким бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Ким молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади” (Суютий, “Жомеъул кабир”).
Ҳар қандай сўровчига ва турли эҳтиёж учун қарз беравериш ҳам тўғри келмайди. Қарз берганда, аввало, бировнинг оғири­ни енгиллатиш билан Аллоҳ розилигини топишни мақсад қилиш лозим. Мўмай даромад топишни кўзлаш мумкин эмас. Қарздордан фойда олиш судхўрликдир. Судхўрлик эса, гуноҳи кабиралар жумласига киради. Қарз берган киши қарзини қис­тайвермаслиги лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Ким камбағалнинг қарз узиш муддатини узайтириб қўйса ёки кечиб юборса, соя бўлмайдиган кунда (қиёматда) Аллоҳ таоло унга Арш остидан соя ато этади” (Термизий ривояти).
Қарз бериб-олувчилар ўз ҳуқуқ ва масъулиятларини яхши билиш билан бир қаторда, бир-бирларига нисбатан мурувватни унутмасликлари керак. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир” (Бақара, 280).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) дейдилар: “Бадавлат кишининг (қарзини, омонатини ва бировларнинг ҳақини беришда) кечиктириши зулмдир. Агар (камбағал киши) пулдор кишидан қарзини кечиб юборишини талаб қилса, қабул этсин” (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ (с.а.в.) : “Аллоҳ таоло наздида Ўзи наҳий қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, У зотга рўбарў бўлишидир” (Абу Довуд ривояти). Шунинг учун ҳам жаноза намози олдидан маййитнинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Кимдир унга кафил бўлгандан кейин жанозасини ўқиш суннат амаллардан бўлиб қолган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоятида бардавом қилиб, яхши амалларга муваффақ айласин!
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 10 июлда эълон қилинган  50 марта кўрилган