Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳурматли аҳли ислом, биродарони киром!
Нима учун рўзани алоҳида эҳтиром билан тутамиз? Чунки Яратган бир ой давомида шунчаки рўза тутишни эмас, балки ана шу давр мобайнида ейиш-ичишимизда ҳаромдан, ёмон ҳаракатлардан сақланишни буюради. Бу Аллоҳ таоло бизларга фарз қилган шарафли синовдир. Ҳаммамиз бир хил вақтда саҳарлик, белгиланган вақтда ифторлик қилиш, таъқиқланган амаллардан сақланиш, ҳар қандай мойилликларга эътибор бермаслик билан Аллоҳ амрини аниқ ва рисоладагидек бажарган бўламиз.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в.) таъкидлаганларидек, Аллоҳ бандаларига барча нарсани қилмишларига яраша беради. Муаккал фаришталар ҳар бир амалимизни қатъий ҳисобга олиб борадилар. Шундай бўлса ҳам, Аллоҳ таоло ким Унинг йўлида рўза тутса, савобини бевосита Ўзи беришини ваъда қилади. 
Рўзадор ўзини худди ҳаж ибодатларини бажараётгандек ҳис қилиши, беҳуда, уят, фаҳш гаплардан, шаҳвоний ҳаракатлардан сақланиши, ва яна, энг аввало, яқинлари, қариндошлари, дўстлари, тасодифий йўлиққан одамлар билан жанжаллашишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Пайғамбаримиз (а.с.) ҳаммамизни рўза вақтида нисбатан вазмин, ширинсўз ва мулойим бўлишга, бировни таҳқирламасликка чақирадилар. Чунки рўза вақтида рўзадорлар одатдагидан толиққанроқ, қизиққонроқ бўладилар, баланд ва буйруқомуз гапириш уларни безовта қилиши ва низолашувга олиб келиши мумкин. Агар кимдир сизни таҳқирласа, жанжаллашмоқчи бўлса, “мен рўзадорман, унинг ҳурматини хор қилолмайман”, деб айтинг. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бизга шундай васият қилганлар. Лекин, афсус, орамизда шундай одамлар борки, улар учун ҳеч қандай қонун йўқдек. Моҳи Рамазони шариф бошланганини унутиб, беҳаё гаплар гапиришади, жанжаллашишади, сўкинишади. Бундай одамлар рўзасини, Пайғамбаримиз (а.с.) айтганларидек, Аллоҳ қабул қилмайди.
Рўзадор ҳамма жойда – уйида, меҳмонда ўзини тута билиши, аёлларга ҳирс назари билан қарамаслиги, бекорчи суҳбатларга аралашмаслиги, умуман, барча салбий амаллардан ўзини тия олиши зарур. Ҳақоратлардан нафақат тилини асраши, балки ундай гапларни эшитмаслиги ҳам керак. Баъзи суҳбатларда ғийбат, туҳмат, ёлғон-яшиқ гаплар гапирилса ҳам, айримлар у ерда “сабрли” тингловчига айланиб, қон томирларини ҳаромга мослаштирадилар. Агар сиз шундай “суҳбат”ларни тўхтатолмасангиз, у ердан кетинг.
Муҳтарам мусулмонлар, азиз биродарлар! Рамазони шарифнинг биринчи ўн куни Аллоҳнинг раҳмати ёғиладиган кунлар, кейинги ўн кунлик гуноҳларни кечириш кунлари, охирги ўн кунлик Буюк Тангри ўз қудрати билан гуноҳкорларни дўзах азобидан қутқарадиган кунлардир. Мана шундай муборак ойда яшаяпмиз. Аллоҳ таоло барчамизга бу улуғ ойда раҳмати, мағфирати ва марҳаматларини нозил этсин, омин!
 
Марҳум Зиёвуддинхон ибн Эшонбобохоннинг мавъизаларидан
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 23 июнда эълон қилинган  69 марта кўрилган