Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) сийратларини яхши билиш ва ўрганиш барчамиз учун лозим амаллардан бири. Зеро, у зоти бобаракот (а.с.)нинг кенг қиррали ҳаёт тарзлари мусулмонларга ўрнак ва юксак ахлоқ намунасидир.
Ҳижратдан бироз олдин Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётларида “Ғам йили” номи билан машҳур қайғули воқеалар содир бўлди. Бир йил ичида у зотни ташқи ғанимлардан ҳимоя қилган амакилари Абу Толиб вафот этди. Сўнгра ички дунёларининг суянчиғи ва барча фарзандларининг онаси Хадича онамиз (р.а.) қазо қилди. Макка мушрикларининг жафоси ниҳоят даражада кучайиб, ҳатто Тоиф шаҳридаги айрим нодонлар чақириқларини қабул қилиш ўрнига у зот (а.с.)га қаттиқ руҳий ва жисмоний азоб беришди. Аммо Пайғамбаримиз (а.с.) шундай оғир ва аянчли лаҳзаларда ҳам ўзларига қарши турганларга ҳидоят сўраб дуо қилдилар.
Аллоҳ таоло Ҳабиби (а.с.)га тасалли ва берган мусибатларига сабр қилганлари учун илоҳий мукофот – Исро ва Меърож мўъжизаси билан тақдирлади.
Бундан ўн тўрт аср муқаддам Аллоҳ таоло Ўз иродаси билан инсоният тарихида мисли йўқ ҳодисага ўзининг севимли бандаси ва элчиси Муҳаммад (а.с.)ни тайёрлади. Ражаб ойининг 27-кечасида у зот (а.с.)ни Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжиди Ақсо сари кечаси сайр қилдирди: “(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи)дир” (Исро, 1).
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ердаги сайрлари Байтул Мақдисдаги Ақсо масжиди саҳнида ниҳоясига етди ва шу ерда меърож, яъни осмонга кўтарилишлари бошланди. Аллоҳ таолонинг “Исро” деган калимаси тун оғушида сайр қилдириш деган маънога далолат қилади. Бу билан Аллоҳ таоло гўёки бир вақтни ихтиёр этиб, Ўз пайғамбари (а.с.)ни зулмат ва залолат остида қолган инсоният йўлини ёритиш учун порлаб балқиган юлдузга ўхшатади.
Исро ва Меърож ҳодисаси билан мусулмонлар катта синовдан муваффақиятли ўтишди ва якдиллик билан Муҳаммад (а.с.) охирзамон ҳақ пайғамбари эканларини тасдиқлашди. Улар Исро ва Меърож ҳодисаси дунёдаги энг афзал инсон мисолида амалга оширилган мўъжиза ва буни инсоният учун эҳтиром деб билишди, бунга самимий имон келтиришди.
Аллоҳ таоло Меърож кечасида барча мусулмонларга беш вақт намозни фарз қилди. Бу ойда Пайғамбаримиз (а.с.)га салавотлар айтиш улуғ савоблардан саналади. Расули акрам (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Меърож кечасида бир дарё кўрдим, суви асалдан ширин, қордан совуқроқ ва мушки анбардан хушбўйроқ эди. Жаброил (а.с.)дан: “Бу ким учун?” деб сўрадим. “Сизга Ражаб ойида салавот айтган кишилар учундир”, дедилар» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни бу муборак ойда мағфират айлаб, Ўзи рози бўладиган солиҳ амалларни адо этишимизда мададкор бўлсин!
 
“Жума мавъизалари”дан
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 13 июнда эълон қилинган  165 марта кўрилган