Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Парвардигорингиз: “Менга дуо қилинглар, Мен сизларга (дуоларингизни) мустажоб қилай”, деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир, 60); “Сиздан (эй Муҳаммад), бандаларим Мен ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар» (Бақара, 186).

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам биз умматларга Парвардигоримизга дуо қилиш ҳақида таълим бериб айтадилар: “Албатта, Раббингиз ҳаёли, саховатли зотдир. Бандаларидан бири қўл кўтариб дуо қилганида унинг қўлларини бўш қайтаришдан ҳаё қилади” (Ибн Можа); “Бир мусулмон дуоси оғир гуноҳ қилиш ёки қариндошчиликни узиш маъноларида бўлмаса, Аллоҳ унинг дуоси эвазига уч нарсадан бирини беради: ёки дуосини тезда қабул қилади, ёки охиратга захира қилиб қўяди, ёхуд унга келаётган ёмонликни қайтаради” (Имом Термизий).

Дуоларимиз ижобат бўлиши учун унинг одоблари ва шартларига риоя қилишимиз керак. Улар қуйидагича:

1. Холис Аллоҳ учун дуо қилиш.

2. Дуони ҳамду сано ва салавот билан бошлаб, шулар билан тугатиш.

3. Дуосининг ижобат бўлишига қатъий ишониш.

4. Дуо вақтида қалбида ҳузур билан туриш.

5. Хурсандчилик ва қийинчилик вақтида ҳам дуо қилиш.

6. Фақат Аллоҳдан сўраш.

7. Аҳли, моли, болалари ва ўзига қарши дуоибад қилмаслик.

8. Дуода қўлларини кўтариб туриш.

Бундан ташқари, баъзи вақт ва жойларда қилинган дуолар албатта қабул этилади:

1. Қадр кечасида;

2. Фарз намозларидан кейин;

3. Жума кунидаги бир соатда (кўпчилик уламоларнинг фик-рича, бу соат жума куни асрдан кейин кун ботгунгача бўлган вақт ичида);

4. Яхши ният билан Замзам сувини ичаётганда;

5. Ёмғир ёға бошлаганда;

6. Арафа куни Арафотда;

7. Саҳар чоғида;

8. Ота-онанинг ўз фарзанди ҳақига;

9. Каъбани зиёрат қилишда, шайтонга тош отишда, Сафо ва Марвада.

Қуръони карим ва ҳадисларда таълим берилган дуоларни қилиш ҳам мақсадимизга тезроқ эришишимизга васила бўлади. Жумладан: “Эй Раббимиз, биздан (ушбу ишимизни) қабул эт. Албатта, Сен Эшитувчи ва Донодирсан!” (Бақара, 127); “...ва тавбаларимизни қабул эт! Албатта, Сен Таввоб (тавбани қабул этувчи) ва Раҳмлидирсан!” (Бақара, 128); “Эй Раббим! Мени ва зурриётимдан (кўп фарзандларимни) намозни мукаммал адо этувчи қилгин! Эй Раббимиз! Дуомни қабул эт!” (Иброҳим, 40).

“Жума мавъизалари”дан

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  1128 марта кўрилган