Муҳаррам ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиши билан бирга, Аллоҳ наздида ҳурматли саналган тўрт ойнинг биридир. Муҳаррам ойининг ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтгани сабабли бу кунга нисбатан Ашуро дейиш урфга айланган. Ашуро куни барча самовий динларда муҳим сана ҳисоблангани туфайли Исломдан олдинги динларда бу кун нафл рўза тутиш билан улуғланган.

Имом Аҳмад (рҳ.) Ибн Аббос (р. а.)дан ривоят қилишича, шу куни Нуҳ (а. с.) кемаси Жудий тоғи устида тўхтаган ва у зот (а. с.) шукрона тариқасида ўша куни рўза тутганлар. Бундан ташқари, Ибн Аббос (р. а.)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Пайғамбар (а. с.) Мадинага келганларида яҳудийларнинг ашуро кунида рўза тутишларини кўрдилар ва: “Бу қандай кун?” деб сўрадилар. Улар: “Бу – Аллоҳ таоло Мусо (а. с.) билан Бани Исроилни душманларидан қутқарган муборак кун. Шунинг учун Мусо (а. с.) бу кунда рўза тутганлар”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.): “Мен Мусо (а. с.)га сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам шунга буюрдилар” (Муттафақун алайҳ).

Жоҳилият арабларининг ҳам Ашуро кунида рўза тутиш одатлари бўлган. Ойша онамиз (р. а.)дан ривоят қилинган ҳадис бунга далил: “Ашуро куни Қурайш араблари жоҳилият даврида рўза тутадиган кун бўлган. Расулуллоҳ (с. а. в.) ҳам шу куни рўза тутар эдилар. Мадинага келганларида шу куни рўза тутдилар ва одамларни ҳам шунга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз бўлганидан сўнг, бу кунда хоҳлаган киши тутди, хоҳламаган киши тутмади” (Муттафақун алайҳ).

Юқоридаги ҳадисдан маълум бўлишича, Исломнинг аввалги даврида Ашуро кунида рўза тутиш мусулмонларга фарз бўлган. Ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ашуро рўзасининг фарзлиги бекор бўлди ва суннат бўлиб қолди. Расулуллоҳ (с. а. в.) бу кунда рўза тутишнинг фазилати ҳақида: “Ўтган бир йилда қилинган гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим).

Ибн Аббос (р. а.)дан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (с. а. в.): “Агар кейинги йилгача соғ-саломат бўлсам, рўзани тўққизинчи кунида ҳам тутаман”, деганлар, аммо у кунга етмай вафот этганлар (Имом Муслим, Абу Довуд).

Яна у зот (а. с.): “Ашуро кунидан бир кун олдин ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар”, деганлар (Имом Аҳмад).

Мазкур ҳадисларга биноан уламолар: “Муҳаррам ойининг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиш мустаҳабдир”, деб айтишган.

Пайғамбаримиз (а. с.) Муҳаррамни “Аллоҳнинг ойи” деб номлаганлар ва бу ойда рўза тутиш Рамазондан бошқа ойларда рўза тутишдан кўра фазилатли эканини айтганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг ушбу кунларда қилаётган ибодатларимизни мақбул айласин.

“Жума мавъизалари”дан

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 30 сентябрда эълон қилинган  1539 марта кўрилган