Турмуш қурган ва турмуш қуриш арафасида бўлган ҳар бир мусулмон фарзанди никоҳ-талоқ масалаларидан хабардор бўлиши шарт.

Талоқ – луғатда бўшатиш, қўйиш; шаръий истилоҳда эса эр-хотин ўртасидаги никоҳ ақдини бузиш маъносини англатади. Ислом шариати таълимотида гарчи баъзи ҳолларда талоқ қилишга ижозат берилган бўлса-да, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам талоқ беришни Аллоҳ ёқтирмаслиги айтилган. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга ёқимсизи талоқдир», деб марҳамат қилганлар (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).

Демак, Аллоҳ таоло талоқ лафзининг ишлатилишини, оилаларнинг бузилиб пароканда бўлишини хоҳламайди. Шунинг учун Қуръони каримда ҳар қандай ҳолатда ҳам никоҳни сақлаб қолишга, оилани бузмасликка буюриб: «...Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин», деган (Нисо, 19).

Талоқ сўзи айтилган вақтда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши ҳақида ҳам ҳадиси шарифда айтилган.

Талоқ сўзининг маъносини тушунмай, ҳуда-беҳудага айтавериш гуноҳ саналиши билан бирга, ундай талоқ шариатда эътиборга олинади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Уч нарсанинг жиддийи ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: талоқ, никоҳ ва итоқ (яъни, қул озод қилиш)», деганлар. Мазкур ҳадиснинг мазмунига қараганда, талоқ масаласида ҳазил қилиш ярамайди. Айниқса, ёшларимиз шуни яхши билсинларки, ҳазиллашиб айтилган талоқ ҳам шариатда эътиборга олинади. Бундан ташқари, мутлақо ажралишга қарор қилинган тақдирда ҳам, бир лафз билан уч талоқ дейиш бидъат саналади. Ҳолбуки, ҳозирда бундай залворли лафз баъзи оғзи бўш ёшлар учун оддий сўзга айланиб кетган. Жаҳллари чиққанда уни осонгина айтадилар-да, кейин афсусланиб, йўқ йўлни қидириб овораи сарсон бўлишади, баъзилар топиб берган (ва топиб бераётган) ҳар хил ножоиз «чора»ларга бош уришади.

Маълумки, аёл кишига қараганда табиатан босиқ, мулоҳазали, жаҳли чиққанда ўзини тута оладиган бўлгани боис, талоқ айтиш ҳуқуқи эрга берилган. Қуръони каримда бунга: «...никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши...» деб ишора қилинган (Бақара, 237). Албатта, хонадонга бош бўлиб, қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаш, оиланинг шаънини сақлаш эркаклар учун ҳам шарафли, ҳам масъулиятли бурчдир. Шундай экан, эркаклар ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилмасликлари, имкон қадар талоқ сўзини айтмасликлари лозим.

Тилга эрк бериб, талоқ сўзини айтиш номаъқул ишлардан бўлиб, уни айтган киши Раҳмоннинг ғазабини келтирган, шайтонни хурсанд қилган бўлади. Ривоятларда айтилишича, ҳар тонгда шайтон ўз малайларини одамлар орасига юбориб, кун охирида қилган ишлари бўйича ҳисобот олар экан. Шундай кунларнинг бирида малайлардан бири: «Мен бугун икки дўстни бир-бирига қайраб, душманга айлантирдим», дебди. Бошқаси: «Мен ака-укани юзкўрмас қилиб юбордим», деб айтибди. Учинчиси: «Мен эса икки кишини уриштирдим, оқибатда бири иккинчисини ўлдирди», дебди. Шу тариқа ҳаммалари ўз қилмишларини айтиб беришибди. Шунда шайтон уларга: «Сенлар мақтанишга арзигулик ҳеч қандай иш қилмабсанлар», дебди. Шу вақт малайлардан бири: «Мен бугун тинч-тотув яшаётган бир оиладаги эр-хотиннинг орасига тушиб, эрни хотинга қайраб, унга талоқ сўзини айттирдим», дебди. Шунда шайтон унга: «Ҳаммасидан ҳам сенинг ишинг мақтовга лойиқ бўлибди», деб ёнига ўтқазиб, унга иззат-икром кўрсатган экан.

Аллоҳ таоло барчаларимизни шайтоний васвасалардан асраб, оилаларимиз билан тинч-тотув ва фаровонликда ҳаёт кечиришимизни насиб этсин!

 

«Жума мавъизалари»дан

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  2807 марта кўрилган