Саховат

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Саховат соҳиби Аллоҳга яқиндир, инсонларга яқиндир, жаннатга яқиндир, жаҳаннамдан узоқдадир. Хасис эса, Аллоҳдан узоқдадир, инсонлардан узоқдадир, жаннатдан узоқдадир, жаҳаннамга яқиндир. Аллоҳ жоҳил сахийни хасис обиддан кўпроқ севади” (Термизий ривояти).

Олимларнинг таърифича, саховат муносиб нарсани муносиб инсонга бериш, ўзи ишлаб топган маблағдан эвазсиз сарфлаш бўлиб, бу энг яхши хулқлардан бири. Бухл (хасислик) эса унинг аксидир.

Сахийнинг Аллоҳга яқинлиги масофа нуқтаи назаридан эмаслиги ўз-ўзидан маълум, зеро, Аллоҳга макон ва замонни нисбат бериш ақлдан эмас. Бу ерда сўз Аллоҳнинг раҳмати ва савобига яқинлик ҳақида кетяпти. Инсонларга яқин бўлиш деганда ҳам уларнинг меҳри, ҳурмати каби маънавий яқинлик назарда тутиляпти.

Жаннатга яқинлик масофа нуқтаи назаридан бўлиши мумкин. Чунки молидан Аллоҳ ризоси учун муносиб жойга сарфлаган одам жаннатга олиб борадиган йўл узра бўлади. Ҳадисларда жаҳаннам хуш кўрилмайдиган, жаннат хуш кўриладиган нарсалар билан ўралганлиги ривоят қилинган. Инсон амаллари билан уларнинг биридан узоқлашиб, иккинчисига яқинлашади. Инсоннинг жаннатга яқинлашиши у билан орадаги пардаларнинг кўтарилишидир. Уламо хайрли амаллар, хусусан, Аллоҳ ризоси учун қилинган амаллар бу пардаларни кўтаришини айтишган.

Имом Ғаззолий шундай дейди: “Хасислик дунёга боғланиб қолишнинг мевасидир, сахийлик эса, зуҳд, яъни, дунёга қиймат бермасликнинг меваси. Мевага аталган мақтов, шубҳасиз, дарахтга ҳам айтилган мақтов бўлади.

Сахийлик ҳақиқий таваккал белгисидир. Яъни, Аллоҳнинг берган ваъдаси ва ризқ борасидаги берилган кафолатга чиндан ишонишдан нишона. Бахиллик эса ширкдан нишона. Бу сабабларга боғланиб қолиб, Аллоҳнинг берган ваъдасига шубҳа билан қарашдан бўлади”.

Аллоҳ барчамизнинг қалбимизга ўз нури раҳматини солиб, чин сахий бандалари қаторига қўшсин!

Шоакмал Акбарзода тайёрлади

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: