Расулуллоҳнинг фазилат ва мартабалари

Жобир (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Менга ўзимдан олдинги пайғамбарларга берилмаган беш хислат берилди:

1. Барча пайғамбарлар фақат ўз қавмигагина юборилган. Мен эса қизилларга ҳам, қораларга ҳам юборилдим.

2. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Ваҳоланки, мендан аввал ҳеч кимга ҳалол қилинмаганди.

3. Ер менга дуруст, пок ва масжид қилинди. Ҳар ким намоз вақти кириб қолса, қаерда бўлсаям намозини ўқийверади.

4. Мен бир ойлик масофада турган душманимнинг кўнглига қўрқув туширишдек ёрдамга эга бўлдим.

5. Менга шафоат (ҳуқуқи) берилди». (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳадисда қизиллар ва қоралар дейилганда ажамийлар, яъни, араб бўлмаганлар ва араблар назарда тутилган, валлоҳу аълам. Баъзи олимлар қизиллар инсонлар, қоралар жинлар бўлса керак, деган фикрни илгари суришган.

Ҳадисда зикр этилган иккинчи хусусиятда ўлжалар фақат Пайғамбаримиз (с.а.в.)гагина ҳалол қилингани айтилади. Зеро, тарихда пайғамбарларнинг баъзиларига умуман жанг қилишга рухсат берилмаганди ва демакки, улар ўлжа ҳам олмаганлар. Жанг қилишга рухсат берилган пайғамбарларга ҳам тушган ўлжани олиш мумкин бўлмаган. Ҳар гал ўлжаларни бир олов келиб ёқиб юборарди.

Ҳадисдаги учинчи хусусиятга келсак, баъзи олимлар бу борада: «Аввалги қавмларга поклиги қатъий аниқ бўлган жойлардагина ибодат қилишга рухсат берилганди. Бу умматга эса, нажасли эмаслигига ишонч ҳосил қилинган жойларда ибодатни адо этишга изн берилган», дейишади.

«Мен бир ойлик масофада турган душманимнинг кўнглига қўрқув туширишдек ёрдамга эга бўлдим», дейилишидан мақсад Расулуллоҳ (с.а.в.) илоҳий лутфдан баҳраманд бўлган ҳолда орада масофа бўлишига қарамай, душманларнинг кўнглига қўрқув солиш, уларнинг шаштини синдириш хусусиятига эга эдилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.)га берилган шафоат ҳуқуқи ҳақида олимлар бир қанча фикрларни билдиришган. Хусусан, шафоат Қиёмат куни ҳисоб-китобни кутиб турган инсоннинг барчасини қамраб олади ва уларни кутиб туриш даҳшатидан халос қилади. Бу шафоат кўнглида заррача имони борларни жаҳаннамдан чиқариб олиш учундир. Чунки кўнглида заррадан кўпроқ имони борларга бошқаларнинг шафоа­ти ҳам мумкин бўлади – бу Қози Иёзнинг фикри. Қози Иёз, шунингдек, «Шафоатдан мақсад – рад этилмайдиган шафоат», дейди.

Аллоҳ таоло Жанобимиз (с.а.в.)нинг хусусиятларини ўрганиш асносида у зотга янада қаттиқроқ муҳаббат билан боғланиш саодатини, башариятга ўрнак ҳаёт тарзларини ўз ҳаётимизга татбиқ этиш бахтини барчамизга насиб этсин!

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: