Раҳмати ғазабидан устундир

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: ”»Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло махлуқотни яратишни ҳукм қилгач, (Имом Муслим ривоятида “Аллоҳ таоло махлуқотни яратган пайтда”) Аршнинг устидаги китобга бундай деб ёзди: “Албатта, раҳматим ғазабимдан устундир!”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Имом Бухорийнинг бошқа бир ривоятида: “Ғазабим раҳматимдан устун келди”, дейилган.

Имом Бухорий ва Имом Муслимдан бошқа бир ривоятда эса: “(Раҳматим) ғазабимдан ўзди”, дейилган.

Шарҳ: Бир қисм олимларга кўра, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва ризоси ирода сифатига қарайди. Итоаткор бандасига савоб беришни исташига “Ризо”, осий бандасини жазолашни исташи эса “Ғазаб” дейилади. Ҳадисдаги “устун келиш” ва “ўзиб кетиш”дан мурод Аллоҳ таолонинг раҳмати кўплиги ва кенг қамровлилигидир.

Ислом ақидасига кўра, Аллоҳ таоло раҳмат ва ғазаб эгасидир. Раҳмати билан яхшиларни мукофотлайди, ғазаби билан ёмонларни жазолайди. Раҳматининг тақозоси билан жаннатни, ғазабининг тақозоси ўлароқ дўзахни яратган. Яхшиларни мукофотлаш, ҳақсизликка учраганларнинг ҳақини олиб бериш қай даражада керакли ва эзгу иш бўлса, ёмонларни маҳрум қилиш, зулми сабаб золимни жазолаш ҳам шунчалик керакли ва маъқул ишдир. Дунё ҳаётининг мувозанати ҳам ана шу қоидага асосланган: яхшилар сийланади, ёмонлар учун қамоқхоналар жорий қилинган. Золимларга жазо беришни кўзламаган бирорта низом йўқ. Зеро, золим жазоланмайдиган жамиятда адолатсизлик, зулм ва ёмонликнинг турли кўриниши урчиши шубҳасиз.

Ҳадисга тегишли баъзи изоҳлар: “устун”дан мақсад кўплик ва кенгқамровлиликдир. Бу изоҳ “Раҳмат ва ғазаб Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидандир”, дейдиган олимларга тегишли.

Баъзи олимлар эса: “Раҳмат ва ғазаб зотий сифатлардан эмас, феълий сифатларидандир. Шу сабабдан баъзи феъллар бошқасидан устун келиши мумкин. Шу маънода, ҳадисдаги “раҳмат” билан ҳазрат Одамнинг (алайҳиссалом) жаннатга киритилиши, “ғазаб” билан эса у ердан чиқарилишига ишора қилинган бўлиши мумкин. Худди шунингдек, олдинги умматлар кенг ризқ ва неъматлар ичида яратилгани ҳолда, куфрлари ва осийликлари сабаб азобга учрадилар”, дейишган.

Ҳадиснинг баъзи ривоятларида “…устун келди”, дейилса, бошқа ривоятларида “…ўзиб кетди”, дейилган. Яъни, “Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан устун келади, раҳмат ғазабдан ўзиб кетади”, деган маъно кўзда тутилган.

Тибий “раҳматнинг ўзиб кетиши” тушунчасини бандалар Аллоҳ таолонинг раҳматига олиб борадиган амаллари воситасида ноил бўлишадиган адолат Унинг ғазабига сабаб бўладиган амаллари натижасида учрашадиган адолатдан кўпроқ эканига ишора деб билади ва бундай дейди: “Зеро, махлуқотлар раҳматга лойиқ иш қилмасалар ҳам раҳм кўраверадилар. Бироқ ғазаб ундай эмас, бандалар унга олиб борадиган бирор иш сабабли дучор бўлишади. Чунончи, инсон ҳали она қорнида эканида, сут эмадиган пайтида ва сутдан чиққанида, ҳануз ҳеч бир тоат қилиш ёшига етмаган пайтида ҳам Аллоҳ таолонинг марҳаматига бурканган бўлади. Яратганнинг ғазабига эса унга сабаб бўладиган даражада бирор ёмонлик, гуноҳ содир этганидан кейингина учрашлари мумкин”.

Ибн Ҳажар айтади: “Ғазабдан мақсад унга сабаб бўладиган ишлардир. Бу эса, ғазабга учраганга азоб етишини англатади. Яъни, раҳматнинг етиши ғазабнинг етишидан устундир. Чунки раҳмат Аллоҳ таолонинг муқаддас зоти муқтазосидир. Ғазаб эса, банданинг бажарилажак амалига боғлиқ”.

Ҳадисда келган “ёнида” сўзини Аллоҳ таолога макон нисбат бериш деб тушунмаслик керак. Олимларнинг бу таъбиридан мақсад, мазкур Китобнинг яралмишлардан мутлақо махфий тутилгани, улар етолмайдиган даражада узоқ жойда сақланишига ишорадир.

 

Содиқ Носир

Манбалар асосида тайёрланди.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: