Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уч хислат бор. Кимда улар бўлса,  имон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг расули унга бошқа ҳамма нарсалардан севимли бўлиши, бир кишини яхши кўрса, уни фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши” дедилар» (Имом Бухорий).
 
Ушбу ҳадиси шарифда Исломнинг асл тушунчаларидан бири – комил имон ҳаловатига қай йўл билан етиш мумкинлиги баён қилинмоқда. Зеро, бу осон иш эмас. Таом лаззати ва мазасини ҳамма баробар тотмаганидек, имон лаззатини ҳам ҳамма бирдек тополмайди.
“Уч хислат бор.  Кимда бу хислат бўлса,  имон ҳаловатини топади”. Имон ҳаловати деганда банданинг ўзи қилаётган тоат-ибодатлари, хайрли ва савобли ишларидан хурсанд бўлиши, завқланиши тушунилади. Бу лаззатни бошқа барча лаззатлардан, нафснинг ҳоҳишу истакларидан устун қўйилганида кўзланган мақсад ҳосил бўлади.
Имон ҳаловатини топиш учун Расулуллоҳ (с.а.в.) баён қилганларидек, уч омилга аҳамият бериш керак.
1. Аллоҳ ва Унинг расули унга бошқа ҳамма нарсалардан севимли бўлиши. Комил имонга эга бўламан, имон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар (а.с.)ни ҳаммадан кўп севиши керак. Зотан, бусиз имон бўлиши ҳам мумкин эмас. Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан тийилиш; У Зот яхши кўрганни яхши кўриб, ёмон кўрганини ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар (а.с.)га муҳаббат у зотнинг шариатлари ва суннатларини маҳкам тутишдан иборат.
2. Бир кишини фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши. Мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил имон ҳаловатини топишади. Бу икки томоннинг Аллоҳга бўлган севгисидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган Зот Аллоҳ таолодир. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат билан ҳеч қачон имон ҳаловатини топиб бўлмайди.
3. Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши. Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демак. Демак, имон ҳаловатини топиш учун фақат муҳаббат кифоя эмас, ўрни келганда нафратланишни, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Мўмин банда куфр ва унга олиб борувчи нарсалардан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши зарур.
 
Манбалар асосида 
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Жалолиддин Холмўминов тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 16 февралда эълон қилинган  375 марта кўрилган